Жаҳон | 11:06 / 06.04.2026
5135
6 дақиқада ўқилади

НАТО етмади: Россия Европа Иттифоқига ҳам қарши (ми)?

Россия илгари Украинанинг НАТОга қўшилишига қарши чиқиб келган бўлса, ҳозир бу позиция Европа Иттифоқига нисбатан ҳам кенгаймоқда. Дмитрий Медведев томонидан билдирилган фикрлар бу йўналишдаги қарашлар очиқроқ айтила бошлаганини кўрсатади. Шу тариқа, Украина масаласида Россиянинг муносабати фақат ҳарбий иттифоқлар билан чекланмай, унинг Европа билан интеграциясининг бошқа шаклларини ҳам қамраб олаётгани кузатилмоқда.

Мавзу муҳокамаси – Kun.uz'нинг “Геосиёсат” дастурида.

Россия нима учун илгари ўзи рози бўлган, тоқат қилган Европа Иттифоқи кенгашини энди хавф сифатида кўряпти?

Анвар Йўлдошев: Авваллари Европа Иттифоқи аниқ иқтисодий ташкилот сифатида қабул қилинар эди. Россия ҳам унга асосан иқтисодий тузилма сифатида қарар, шу сабабли унинг кенгайишига кескин қарши чиқмас эди. Бироқ ҳозир вазият ўзгарган. Европа Иттифоқи тобора ҳарбийлашиб бормоқда ва айрим жиҳатлари билан НАТО кўринишига яқинлашмоқда.

Аъзо давлатларнинг ҳарбий харажатлари ошиб, мудофаа соҳаси кучайтирилмоқда. Шу фонда, агар Украина ҳам Европа Иттифоқига қўшилса, у иттифоқ ичида энг катта ҳарбий тажрибага эга давлатлардан бирига айланиши мумкин. Бу ҳолат Россия манфаатларига зид. Чунки у нафақат НАТО, балки Европа Иттифоқининг ҳам ҳарбийлашувини хавф сифатида кўрмоқда. Шу сабабли Москва эндиликда Украинанинг Европа Иттифоқига қўшилишига ҳам кескин қарши чиқмоқда.

Шунингдек, бу жараёнда ички сиёсий омиллар ҳам бор. Масалан, Венгрияда Виктор Орбан, Словакияда Роберт Фитсо каби етакчилар Украинага нисбатан эҳтиёткор ёки салбий позицияда турибди. Бу эса Украинанинг Европа Иттифоқига қўшилиши ва унга ажратиладиган молиявий ёрдам масаласини мураккаблаштирмоқда.

Олдин Россия Европа Иттифоқига аъзо бўлиш масаласида нисбатан бетараф эди. Аммо бугунги кунда иттифоқнинг ҳарбийлашуви ва риторикасининг ўзгариши бу позицияни тубдан ўзгартирди.

Агар келажакда АҚШ НАТОдаги ролини камайтирса ёки ундан чиқса, Европа давлатлари ўзининг алоҳида ҳарбий тизимини яратишга мажбур бўлиши мумкин. Бу эса Европа Иттифоқининг нафақат иқтисодий, балки ҳарбий ташкилотга айланишига олиб келади. Бундай сценарий эса Россия учун янада катта хавф сифатида баҳоланмоқда.

Камолиддин Раббимов: Бу масалада бир нечта муҳим нуқталар бор. Биринчидан, Дмитрий Медведев ҳозирча Россиянинг расмий давлат позициясини эмас, кўпроқ шахсий фикрини билдирмоқда. Агар бу баёнотни Владимир Путин ёки бошқа юқори мартабали расмий айтганида, уни давлатнинг аниқ позицияси сифатида қабул қилган бўлардик.

Медведев Путинга яқин шахслардан бири, аммо унинг илгари билдирган кескин ва ҳужумкор фикрлари ҳар доим ҳам расмий сиёсатга айланган эмас. Масалан, Киевга тактик ядровий зарба бериш ҳақидаги гаплари амалда давлат сиёсати даражасига кўтарилмади.

Иккинчидан, Россиянинг стратегик мақсади ўзгармаган, Украина устидан назоратни қўлга олиш ва уни Ғарб таъсиридан чиқариш. Бу орқали Москва постсовет ҳудудида ўз таъсирини қайта тиклашга интилмоқда. Украина аҳоли ва ҳудуд жиҳатидан Россиядан кейинги энг йирик давлат бўлгани учун унинг геосиёсий аҳамияти жуда катта.

Шу нуқтаи назардан, Россия илгари Украинани Европа Иттифоқига қўшилишига нисбатан юмшоқроқ муносабатда бўлган бўлса, бугунги кунда бу позиция ўзгармоқда. Бу аввало, халқаро вазият билан боғлиқ. Хусусан, АҚШда Доналд Трампнинг ҳокимиятга келиши ортидан НАТОнинг роли ва трансатлантик алоқалар заифлашгани ҳақидаги қарашлар кучайди.

Ана шундай фон остида Россия томонидан янги сигнал, яъни Украина нафақат НАТОга, балки Европа Иттифоқига ҳам қўшила олмайди, деган фикр илгари сурилмоқда. Ҳозирча бу расмий баёнот эмас, балки синов тариқасида айтилаётган позиция сифатида кўриш мумкин. Агар халқаро вазият Россия фойдасига ўзгарса, бу фикр кейинчалик расмий сиёсат даражасига олиб чиқилиши эҳтимолдан холи эмас.

Бугунги кунда Ғарб ичида ҳам маълум даражада бўлиниш мавжуд. Европа Иттифоқида мустақил сиёсий ва ҳарбий кучга айланиш тарафдорлари тобора кучаймоқда. Улар Европа хавфсизлигини фақат АҚШга боғлаб қўймаслик керак, деган фикрни илгари сурмоқда.

Бу ёндашув айниқса Францияда кучли. У ерда Шарл де Голл давридан мерос бўлиб қолган “голлизм” доктринаси мавжуд бўлиб, у Европанинг стратегик мустақиллигини таъкидлайди. Ушбу қарашга кўра, Европа ўз хавфсизлигини мустақил таъминлаши керак, чунки ташқи иттифоқчиларга тўлиқ таяниш ҳар доим ҳам ишончли эмас.

Агар келажакда АҚШда изоляцион сиёсат тарафдорлари ҳокимиятга келса ва бу йўналиш давом этса, Европа Иттифоқи янада мустақил ҳарбий-сиёсий марказга айланиши мумкин.

Бундай шароитда Россиянинг асосий мақсади ўзгармайди, Украинани Ғарб орбитасидан узиб олиш. Украина эса НАТО ва Европа Иттифоқи йўналишида ҳаракат қиляпти. Эндиликда Россия бу жараённинг ҳар иккала йўналишига қарши чиқмоқда. Ҳозирча бу фикрлар тўлиқ расмийлаштирилмаган бўлса-да, келажакда улар босқичма-босқич давлат сиёсатига айланиши мумкин.

Тўлиқ суҳбатни YouTube'даги “Geosiyosat | Kun.uz” каналида томоша қилишингиз мумкин.

Нормуҳаммадали Абдураҳмонов
Муаллиф Нормуҳаммадали Абдураҳмонов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид