Ўзбекистон | 07:55 / 27.12.2022
10023
3 дақиқада ўқилади

Чет элликларнинг Ўзбекистон чегараси орқали ўтишида биографик ва биометрик маълумоти йиғилади

Фото: uzairways.com

“Чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг Ўзбекистон Давлат чегараси орқали ўтишида биографик ва биометрик маълумотларини йиғиш, сақлаш, қайта ишлаш ва алмашишнинг вақтинчалик тартибини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарор лойиҳаси эълон қилинди.

Қарор лойиҳаси қабул қилинишининг заруриятида айтилишича, бугунги кунда чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар Ўзбекистон ҳудудига меҳмон, меҳнат, хизмат, таълим олиш, даволаниш, зиёрат, дам олиш мақсадида келиб кетмоқда. Амалиётда, айрим шахслар Давлат чегараси орқали ўтказиш пунктларидан ўтишда ҳаракатланиш ҳужжати сифатида муайян ҳужжатни тақдим этиб, Ўзбекистон ҳудудида бўлган даврда эса бошқа давлат фуқаролиги (ёки бошқа биографик маълумотлар билан) ҳужжатни тақдим этиш ҳолатлари кузатилмоқда.

Чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг ўз хоҳишларига кўра жойлаштириш воситаларида, даволаш муассасаларида ёки уй-жой майдонида рўйхатдан ўтишда, уларга давлат хизматлари кўрсатишда ҳамда шахсни идентификация қилиш билан боғлиқ ҳаракатларда ахборот тизимларида номувофиқликлар мавжуд.

Мазкур қарор лойиҳаси билан чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг Ўзбекистон Давлат чегараси орқали ўтишида биографик ва биометрик маълумотларини йиғиш, сақлаш, қайта ишлаш ва алмашишнинг вақтинчалик тартиби тасдиқланмоқда.

Вақтинчалик тартибга асосан Ички ишлар вазирлиги, Давлат хавфсизлик хизмати, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат персоналлаштириш маркази  ўртасида чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг биографик ва биометрик маълумотларини ҳимояланган ахборот узатиш каналлари орқали автоматик режимда алмашиниши, маълумотларига ишлов бериш тартиби ва сақлаш муддатлари амалдаги қонун ҳужжатлари нормаларига мувофиқ белгиланиши ҳамда идоралараро электрон ҳамкорлик интерфейс талаблари алоҳида, икки томонлама Технологик йўриқномаларда тасдиқланиши назарда тутилмоқда.

Давлат чегараси орқали ўтказиш пунктларида чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг биометрик рўйхатга олишнинг ахборот технологияларининг замонавий усулларини тўлиқ ва самарали синовдан ўтказиш учун ҳамда бу соҳадаги қонун ҳужжатларига тегишли ўзгартиш ва қўшимчалар киритилгунигача ҳамда вақтинчалик тартибни амал қилиш муддати 2024 йил 31 декабрга қадар белгиланмоқда.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид