Адлия вазирининг «Шахсга доир маълумотларга ишлов беришнинг намунавий тартибини тасдиқлаш ҳақида»ги буйруғи қабул қилинди.   

Намунавий тартиб:

шахсга доир маълумотларга ишлов бериш ва ҳимоя қилиш тартибини;
шахсга доир маълумотларга ишлов бериш принциплари, мақсадлари ҳамда шартларини;
шахсга доир маълумотлар базасининг мулкдори ва (ёки) операторининг ҳуқуқ ва мажбуриятларини белгилайди. 
 
Мулкдор ва (ёки) оператор ёхуд учинчи шахс томонидан шахсга доир маълумотларга ишлов беришда қуйидаги талабларга риоя қилиниши лозим:

шахсга доир маълумотларга ишлов беришни аниқ ва олдиндан белгиланган мақсадларда амалга ошириш;
шахсга доир маълумотларга ишлов беришда мақсадлари бир-бирига мос келмайдиган шахсга доир маълумотлар базаларини бирлаштиришга йўл қўйилмаслик;
шахсга доир маълумотларнинг аниқлиги, ишончлилиги, яхлитлиги ва бутлигини таъминлаш;
агар шахсга доир маълумотларни сақлаш муддати қонунчиликда ёки субъект билан тузилган шартномада белгиланмаган бўлса, шахсга доир маълумотларни уларга ишлов бериш мақсадларига эришиш муддатидан ортиқ бўлмаган муддатга сақлаш;
агар қонунчилик ҳужжатларида бошқача қоида назарда тутилган бўлмаса, ишлов берилаётган шахсга доир маълумотлар ишлов бериш мақсадларига эришилгандан сўнг ёки ушбу мақсадларга эришиш зарурати йўқолган тақдирда йўқ қилиниши ёки эгасизлантирилишини таъминлаш.

Шахсга доир махсус маълумотларга ишлов бериш учун субъектнинг розилиги ёзма шаклда ёки электрон ҳужжат тарзида олиниши лозим. 

Офертада (оммавий шартномада) шахсга доир маълумотларга ишлов беришнинг мақсадлари аниқ кўрсатилган тақдирда, офертани (оммавий шартномани) қабул қилиш (тасдиқлаш) субъектнинг шахсга доир маълумотларга ишлов беришга розилиги деб ҳисобланади.

Субъектнинг мулкдор ва (ёки) операторнинг хизматларидан фойдаланиш учун белгиланган талаб ва шартларга розилик бериши мулкдор ва (ёки) оператор томонидан субъектнинг шахсга доир маълумотларига ишловга беришга розилиги ҳисобланади. 

Субъект ёки унинг қонуний вакили шахсга доир маълумотларга ишлов бериш тўғрисидаги розилигини исталган вақтда қайтариб олиш ҳуқуқига эга.