18:32 / 04.03.2019
36143

«Снос» билан боғлиқ машмашалар: «Светлана» дўкони ёнида нималар бўляпти?

Ижтимоий тармоқларда Мирзо Улуғбек туманидаги «Светлана» дўкони орқасида жойлашган уйларнинг бузилиши ҳақида маълумот пайдо бўлди.

Бундан ташқари, фойдаланувчиларнинг хабар беришича, «Бўз бозор» бозорини ҳам бузиш режалаштирилган.

Сайрам кўчаси Мирзо Улуғбек туманида, «Буюк ипак йўли» (собиқ Максим Горький) метро бекати яқинидаги «Светлана» дўкони ортида жойлашган.

Кўча бўйлаб бир нечта бир қаватли, икки қаватли ва кўп қаватли уйлар, корхона, бозор, дўконлар, умумий овқатланиш жойлари, бекатлар ва ҳоказолар жойлашган.

Тошкент шаҳар ҳокимлиги матбуот хизматининг Kun.uz’га хабар беришича, «Светлана» дўкони ортидаги барча кўп қаватли уйлар ҳамда бошқа объектлар бузилмайди. Бунда икки қаватли уйлар истисно саналади.

Шунингдек, шаҳар ҳокимлиги вакилларининг маълум қилишича, маҳаллий бозор ҳам бузилмайди. «Бўз» бозорида реконструкция ишлари олиб борилади.

Бозор маъмуриятининг вакили ҳам Kun.uz мухбирига ҳеч қандай «снос» бўлмаслигини тасдиқлади.

«Бозор ўз жойида қолади. Реконструкцияни режалаштирмоқдамиз. Бозор олдининг ўрнига машиналар учун тураргоҳ пайдо бўлади. Бозор олдида жойлашган барча дўконлар кўчирилади. Умуман олганда, бозорни янгиланиш кутмоқда. Биз маҳаллий аҳоли учун қулайликлар яратиш ниятидамиз», - деди у.

Бўз бозор яқинидаги икки қаватли уйларда яшовчи фуқароларнинг маълум қилишича, бузилиш ҳақида эшитганлар, бироқ ҳозирча ҳеч ким уларга расман мурожаат қилмаган.

«Ҳа, биз бузилиш ҳақида эшитдик, аммо ҳозиргача ҳеч ким менга мурожаат қилмади. Биз хабарнома олмадик, ҳозирги кунга қадар ҳеч қандай йиғилиш бўлмади», - дейди фуқаролардан бири.

Давом этамиз. Баъзи жойларда квартиралар сотилаётгани ҳақида эълонлар ҳам осиб қўйилган.

Дарвоқе, кўча бўйлаб янги кўп қаватли уй барпо этилмоқда.

Икки қаватли уйнинг қарама-қарши томонида корхона жойлашган. Биз у ерда вазият қандай эканини билишга қизиқдик.

«Айтишларича, иккита қаватли турар жойлар бузилади, лекин бизга тегишмайди. Ҳар ҳолда ҳали ҳеч ким бизга бирор нарса демади. Бу ерда ишлаб чиқариш жойлашган. Одамлар одатдагидек ишлаяпти», - деди корхона вакили.

У эълон ҳақида гапириб, «бино эмас, балки «Безак» МЧЖдаги давлат улуши сотилаётгани»ни айтди.

Бу кўчада қачонлардир Хитой элчихонаси ҳам жойлашган. Бино аллақачон бузилган. Маҳаллий аҳолининг таъкидлашича, дипломатик ваколатхона жойлашган ерда янги мажмуа очишни исташган, лекин пудратчилар ва буюртмачилар икки қаватли бинолар бузилиши ҳақида билиб қолиб, ишни тўхтатиб қўйишган ва кетишган.

«Қандайдир кўргазма мажмуаси қуришмоқчи эди. Элчихона бузилди, пойдевор қазиб ташланди ва қурилиш майдончаси тўсиб қўйилди. Гўёки ҳокимлик кўча бўйлаб жойлашган барча икки қаватли бинолар барибир бузилиши ҳақида хабар берган. Афтидан, бошқа ҳудуддан янги ер берилган ва улар бу ердан кетишди», - дейди маҳаллий аҳоли вакилларидан бири.

10-уйда яшовчиларнинг маълум қилишича, инвесторлар бир неча кун олдин келган.

«Биласизми, бузилиш ҳақидаги маълумот бугун ёки кеча пайдо бўлмади. Авваллари ҳам инвесторлар келган, ҳозир ҳам келмоқда», - дейди фуқаролардан бири.

«Яқинда инвесторлар Туркиядан келди. Улар бу ерда кўп қаватли турар жой қуришни хоҳламоқда. Учта вариант таклиф қилишди: компенсация, бошқа квартира ёки ижара. Ижара янги уй қурилгунча қадар тўланади. Кейин яна бу ерга, фақат янги квартирага қайтишимиз мумкин», - дея давом этди у.

Унинг таъкидлашича, инвесторлар қўнғироқ қилиш ва якуний жавобни айтишга ваъда беришган, аммо ҳозирга қадар ҳеч қандай қўнғироқлар бўлмаган.

«Мен бу ерда ҳаммани биламан. Барча худди игнанинг устида ўтиргандек ўтирибди. Баҳор ҳам келди. Кўплар таъмирлаш ишларини бошламоқчи, лекин «снос» бўлгани сабабли, ҳамма кутмоқда. Ҳеч ким у қачон бошланишини аниқ билмайди. Расмий хабарнома йўқ, бу масала бўйича йиғилиш ҳам бўлмади. Аниқ маълумот йўқ», - дея маълум қилди фуқаро.

Фуқаролардан бирининг айтишича, ҳокимликка ҳам борган.

«Мен бу миш-мишлардан чарчадим. Нима бўлаётганини аниқлаш учун ҳокимликка бордим. Ҳокимликда биринчи навбатда аҳолининг барча муаммолари ҳал қилиниши, кейин бузиш бошланиши ҳақида айтишди. Вариантлар: компенсация, янги квартира ёки ижара. Инвесторлар ҳам ўйламоқда. Архитектурага мурожаат қилдим, лекин улар ҳам аниқ маълумотга эга эмас», - деди у.

Сўнгги марта инвесторлардан бири Сергели туманидан уларга квартира таклиф қилган. Барча фуқаролар буни рад этишган.

«Бундай бўлиши керак эмас. Биз деярли пойтахт марказида яшаймиз, энди эса шаҳар чеккасидан квартиралар таклиф этишяпти. Раҳмат, бу керак эмас», - дейди фуқаролардан яна бири.

Аҳоли вакилларидан бири ўзи қурувчи сифатида ишлашини маълум қилди.

«Биз ўз ҳуқуқларимизни яхши биламиз. Ўзидан-ўзи, шунчаки ҳеч нарса бўлмайди. Бизни хабардор қилишлари, фикримизни ҳисобга олишлари ва фақат шундан кейингина иш бошлашлари керак», - дея қайд этиб ўтди маҳаллий аҳоли вакили.

Шунингдек, у бошқа муаммолар ҳақида ҳам гапирди.

«Масалан, фақатгина битта уйнинг ўзида турлича фикр ва таклифлар мавжуд. Бири компенсацияни хоҳламоқда, бошқаси янги квартирани, учинчиси эса вақтинчалик турар жой ҳамда янги уй тайёр бўлгач, бу ерга қайтиб келишни. Нозик жиҳатлар жуда кўп. Умуман олганда, жараённинг ўзи мураккаб», - деди у.

Пенсионер аёллардан бирининг маълум қилишича, уйлар чиндан ҳам эскидир.

«Мен шу ерда катта бўлганман. Уйлар ғиштли ва мустаҳкам. «Снос»лар ҳақида мен ҳам эшитдим, аммо ҳозирча аниқ маълумот йўқ. Ҳеч ким мени бузилиш ҳақида огоҳлантирмади. Айтишларича, бу ерда янги кўп қаватли уйлар барпо этилади. Энг муҳими, бизнинг фикримизга қулоқ тутишлари керак. Биз ҳам инсонмиз, бизни ҳурмат қилишлари лозим. Эшитишимча, яқинда Мирзо Улуғбек ҳокимлигида ҳоким бўйича шикоят қилишган. У ерда нимадир йўл бўйлаб қурилмоқда. Бизга муаммолар керак эмас. Менинг ёшим бир жойга бориб қолди. Олаётган пенсиям дори-дармон ва озиқ-овқатга базўр етади. Яхши компенсация ёки худди шу тумандан яхши квартира беришсин», - дея таъкидлаб ўтди у.

Одатда ижтимоий муаммолар жамоат ташкилотлари томонидан ҳал қилинади. Айнан шу боис Ўзбекистон Республикаси биринчи президенти Ислом Каримов ташаббуси билан маҳалла фуқаролар йиғинлари ташкил этилган.

Kun.uz мухбирлари «Сайрам» маҳалла фуқаролар йиғинига ҳам боришди.

«Бузилишлар бўлади, ҳокимликда менга ҳужжатларни кўрсатишди, аммо ҳозирча аниқ маълумот йўқ. Бузилиш ва одамларни кўчириш қачон бошланиши маълум эмас. Кўча бўйлаб янги уйлар пайдо бўлади. Бу бошланиши билан биз аҳолини йиғамиз ҳамда барчани хабардор этамиз», - деди маҳалла раиси А.Низомиддинов.

Умуман олганда, вазият ҳозирча шундай. Одамлар бузилиш ҳақида хабарларни ҳали ҳам кутмоқда, сабаби аниқ маълумот йўқ. Бундан ташқари, кимдир компенсацияни хоҳлаяпти, бошқаси - янги квартира, учинчиси эса - вақтинчалик турар жой.

Умид қиламизки, ҳаммаси қонун доирасида амалга оширилади ва маҳаллий аҳоли фикри ҳисобга олинади.

Мавзу
Kun.uz суриштируви
Kun.uz халқ мурожаатлари асосида жойларда бўлиб, муаммоларни ўрганмоқда ва холисона ёритмоқда.
Барчаси
Top