Ўзбекистон | 12:58
5700
2 дақиқада ўқилади

Тошкентда йўл ўтказгич ўпирилиб тушди

“Буюк Турон” кўприги 128,6 млрд сўмга қайта қурилган ва 1,5 йил олдин фойдаланишга топширилган эди.

Ижтимоий тармоқларда тарқалган суратлар

Тошкентнинг Мирзо Улуғбек туманида 2024 йилда қайта қурилган “Буюк Турон” кўпригига олиб чиқувчи йўлнинг бир қисми ўпирилиб кетди.

Ижтимоий тармоқларда тарқалган суратлардан кўринишича, ўпирилиш – йўл ўтказгичнинг Темур Малик кўчасидан Буюк ипак йўли кўчасига олиб чиқувчи қисмида содир бўлган.

Йўлнинг бошқа томонида ҳам ёриқлар бор: бу ўпирилишдан олдинги аломатлар бўлиши мумкинлиги айтиляпти.

“Буюк Турон” кўприги (“Троицкий мост” ҳам дейилади) – Темур Малик кўчасини реконструкция қилиш лойиҳаси доирасида 128,6 млрд сўмга қайта қурилган бўлиб, 2024 йил август ойида – Мустақиллик байрами арафасида фойдаланишга топширилган эди.

Айни пайтдаги маълумотларга кўра, жабрланганлар қайд этилмаган. Бу ҳақда маълум қилган Тошкент шаҳар ҳокимлиги воқеа жойига зудлик билан авария хизматлари, техник мутахассислар ва масъул ташкилотлар вакиллари юборилгани, ҳодиса содир бўлган ҳудуд ўраб олинганини билдирди.

Тошкент шаҳар ҳокими Шавкат Умрзоқов воқеа жойида / Фото: Ҳокимлик матбуот хизмати

“Ҳозирда комплекс техник текширув ўтказилмоқда. Текширув якунланмагунча, узил-кесил хулоса чиқаришга ҳали эрта. Дастлабки тахминлар қаторида сўнгги кунлардаги кучли ёғингарчилик таъсири, жумладан, тупроқнинг ҳаддан ташқари намланиши ва конструкцияга тушадиган юкламанинг ортиши каби омиллар кўриб чиқилмоқда. Шу билан бирга, лойиҳавий ечимлар, қурилиш-монтаж ишлари сифати, дренаж тизимининг ҳолати, қурилиш назорати ҳамда объектни қабул қилиб олиш тартиби каби барча тегишли ҳолатлар ҳам текширилмоқда.

Техник текширув якунлари бўйича тиклаш ишлари юзасидан қарор қабул қилинади. Қоидабузарликлар ёки ишларнинг лозим даражада бажарилмаганлиги аниқланса, масъул шахсларни белгиланган тартибда жавобгарликка тортиш чоралари кўрилади”, – дейилади ҳокимлик ахборотида.

Кўприкнинг 2024 йил август ойидаги ҳолати
Комрон Чегабоев
Тайёрлаган Комрон Чегабоев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид