Иқтисодиёт | 22:18 / 14.04.2020
22353
2 дақиқада ўқилади

«Ўзбекнефтгаз»: Уч ой ичида дизель ёнилғиси нархи деярли 2 минг сўмга арзонлашди

Фото: Shutterstock

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан 2020 йилнинг 6 февраль куни нефт-газ саноатидаги ишлар натижадорлиги, табиий газ ва суюқ углеводородлар қазиб олиш ҳажмини ошириш бўйича вазифалар муҳокамасига бағишланган йиғилиш ўтказилган эди.

Ўтган қисқа даврда, берилган вазифа ва топшириқлар ижроси юзасидан дизель ёнилғисининг нархини амалда арзонлаштириш чоралари кўрилди.

«Ўзбекнефтгаз» АЖ дизель ёнилғиси бир литрининг биржалардаги баҳосини 14 апрель кунидан эътиборан 5600 сўм сифатида белгилади ва сўнгги уч ой давомида нарх деярли 2 000 (икки минг) сўмга арзонлаштирилди.

«Ўзбекнефтгаз» АЖ тизимидаги корхоналар томонидан ишлаб чиқарилган дизель ёнилғиси бир литрининг биржалардаги нархлари 2020 йилнинг январь-февраль ойлари (2019 йил давомида ўртача 7300 сўм) давомида 7500 сўмлик қийматни сақлаб қолган эди.

Жорий йилнинг март ойида эса дизель ёнилғиси бир литрининг биржаларда эълон қилинган нархи 7089 сўмгача пасайтирилди.

Республикамизда коронавирус пандемияси даврида иқтисодий инқирозни олдини олиш, шу билан биргаликда жаҳон бозорида нефт хомашёси нархи тушиб кетганлиги натижасида арзон нархларда хомашё импорт қилинди ва бу билан таннархнинг сезиларли даражада камайишига эришилди.

Бундан ташқари, фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларининг агротехник ишларини амалга оширишлари учун, «Ўзбекнефтгаз» АЖ ўз маблағлари ҳисобидан дизель ёнилғиси захирасини ҳам яратди.

Эслатиб ўтамиз, 2020 йилнинг 30 март кунидан бошлаб Бухоро нефтни қайта ишлаш заводида Ўзбекистонда илк бора «Евро-4» ва «Евро-5» синфли экологик тоза ҳамда сифатли дизель ёнилғисининг ишлаб чиқарилиши ҳам йўлга қўйилди.

«Ўзбекнефтгаз» АЖ Матбуот хизмати Ⓣ

Мавзуга оид