Президент туризм соҳаси тадбиркорлари кўтарган масалалар бўйича топшириқлар берди
Соҳада ҚҚСни қайтариш муддатини узайтириш, экспортолди молиялаштиришни йўлга қўйиш, субсидия ва компенсациялар тўлашни кенгайтириш масалалари кўриб чиқилади. Ўқувчиларни автобусда саёҳатга олиб чиқишда ЙПХ ҳамроҳлиги учун тарифлар кескин камайтирилиши мумкин. Пенсия ёшидаги чет эллик сайёҳларнинг Ўзбекистонда 6 ойгача визасиз бўлиши тартибини ишлаб чиқиш таклиф этилмоқда.
Президент Шавкат Мирзиёев 3 июн куни туризм соҳасидаги тадбиркорлар билан мулоқот қилди.
Мулоқотда тадбиркорлар томонидан, жумладан, қуйидаги масалалар кўтарилди, таклиф ва ташаббуслар билдирилди:
- туризм хизматлари кўрсатувчиларни молиявий қўллаб-қувватлаш ва иқтисодий имкониятларини кенгайтириш;
- туроператорларни маданий мерос объектлари ва темир йўл чипталари нархларидаги ўзгаришлар тўғрисида олдиндан хабардор қилиш;
- меҳмонхона бошқарувчиларини тайёрлаш ва меҳмонхона қуришга субсидиялар доирасини кенгайтириш;
- пенсия ёшидаги туристларга алоҳида виза тартибини жорий этиш;
- тарихий шахсларнинг уй-музейларини реставрация қилиш ва бошқалар.
Давлат раҳбари билдирилган фикр ва таклифлардан келиб чиқиб, тегишли вазирлик ва идоралар раҳбарларига қуйидагилар юзасидан таклиф киритишни топширди:
- хорижий сайёҳларга хизмат кўрсатган туроператорларга қўшилган қиймат солиғини субсидия сифатида қайтариш муддатини узайтириш ва уни қўллаш тартибини аниқ белгилаш;
- туризм компанияларига айланма маблағ учун экспортолди молиялаштиришни йўлга қўйиш;
- туристларга мўлжалланган, янги ишлаб чиқарилган “Евро-5” ва ундан юқори экологик тоифа талабларига тўғри келадиган автобус ва микроавтобусларни божхона божи ва утилизация йиғимидан озод этиш муддатини узайтириш;
- сўнгги 3 йилда ташкил топган туркомпанияларга халқаро кўргазмалардаги павильон ижараси харажатини 50 фоизини қоплаб беришни йўлга қўйиш;
- халқаро фестивалларда қатнашадиган ҳунармандларга павильон, юклар ва авиачипта харажатининг 50 фоизини қоплаб бериш тизимини йўлга қўйиш
Шунингдек, тадбиркорлар томонидан илгари сурилган:
- мактаб ва коллеж ўқувчилари автобусда бир вилоятдан бошқасига саёҳат қилишида йўл-патрул хизмати ҳамроҳлиги учун тарифларни кескин камайтириш;
- ҳар йили камида 20 та ўрта бўғин менежерларини хорижда қисқа муддатли малака оширишга юбориш, янги ўқув йилидан туризм соҳасидаги олийгоҳ ва техникумларда “дуал таълим”ни жорий қилиш;
- 3-4 қаватли меҳмонхоналарга ҳам субсидия бериш, меҳмонхонаси бўлмаган 22 та туманда кичик отеллар барпо этишга оилавий хоналар сонидан келиб чиқиб субсидия ажратиш;
- халқаро тажриба асосида миллий меҳмонхона брендларини яратиш ташаббусларини ўрганиб, тегишли чораларни ишлаб чиқиш вазифаси қўйилди.
Бундан ташқари, мулоқотда тадбиркорлар томонидан билдирилган:
- хорижий давлатлардан келадиган пенсия ёшидаги сайёҳларнинг Ўзбекистонда 6 ойгача визасиз бўлиши тартибини ишлаб чиқиш;
- камида 100 нафар хорижий иштирокчиси бўлган уч кунлик бизнес тадбирни ташкил қилганларга тадбирдан олинган даромад солиғини 50 фоизга камайтириш, ҚҚСнинг ярмини қайтариш тизимини жорий қилиш;
- Тошкентдаги Чорсу бозори ва Хивада миллий колоритга эга шарқ бозорини ташкил этиш;
- болалар оромгоҳларини хусусий шериклик асосида ривожлантириш каби фикрларни чуқур ўрганиб, уларнинг ечими бўйича аниқ таклифлар киритиш топширилди.
Шавкат Мирзиёев соҳани қўллаб-қувватлаш мақсадида туризмни ривожлантириш бўйича жамоатчилик кенгашини тузишни таклиф қилди. Бу ташаббус учрашувда иштирок этган туризм соҳаси вакиллари томонидан қўллаб-қувватланди.
Мавзуга оид
21:49 / 04.11.2024
Ўзбекистонликлар 2024 йилда Қозоғистонда энг кўп пул сарфлаган хорижликлар қаторига кирди
10:26 / 03.11.2024
Ўзбекистонга хориждан келган сайёҳлар сони маълум қилинди
22:45 / 24.10.2024
2024 йилда Ўзбекистонга келган сайёҳлар сони маълум қилинди
17:47 / 15.10.2024