Ўзбекистон | 14:34 / 20.12.2024
1749
2 дақиқада ўқилади

Янгиланган Божхона кодекси лойиҳаси ишлаб чиқилади

IT, финтех, тадбиркорликни молиялаштириш, экспорт, туризм, хизматлар, яширин иқтисодиётни қисқартириш каби долзарб масалалар бўйича Жамоатчилик кенгашида экспертлик гуруҳлари ташкил қилинади.

Фото: Президент матбуот хизмати

Президент Шавкат Мирзиёев раислигида тадбиркорликни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш бўйича жорий йил якунлари ва 2025 йилга асосий режалар юзасидан видеоселектор йиғилиши ҳамда етакчи тадбиркорлар билан мулоқот бошланди.

Дунёдаги 10 та энг бой компаниянинг 7 таси IT ва финтех соҳаларидан чиққан. Ўзбекистон аҳолисининг 56 фоизи ёшлар. Президент таъкидлаганидек, шу рақамларни ўзи соҳада катта салоҳият, иш ўрни, юқори даромад ётганини кўрсатади.

IT, финтех, инновациялар, телекоммуникация каби соҳаларни хусусий корхоналар тез ривожлантириши, яратилган шароит туфайли қиймати 1 миллиард доллардан ошган TBC Uzbekistan ва Uzum хусусий компаниялари пайдо бўлгани бунга яққол мисол экани таъкидланди.

Бундай компаниялар кўпайиши учун янада кенг шароитлар яратилади.

Хусусан, уларга ривожланиш ва тадқиқот марказлари (R&D) учун лаборатория жиҳозлари, технологик ускуналарни божсиз олиб келишга рухсат берилади.

IT, финтех, тадбиркорликни молиялаштириш, экспорт, туризм, хизматлар, яширин иқтисодиётни қисқартириш каби долзарб масалалар бўйича Жамоатчилик кенгашида экспертлик гуруҳларини ташкил қилиш кераклиги кўрсатиб ўтилди.

Охирги 3 йилда Божхона кодексининг 100 дан ортиқ моддасига ўзгартириш киритилди. Лекин унинг қоидалари ҳам Жаҳон савдо ташкилоти, ҳам тадбиркорларнинг талабига мос эмас. Шу  муносабат билан ҳар томонлама янгиланган Божхона кодекси лойиҳасини ишлаб чиқиш зарурлиги қайд этилди.

Мавзуга оид