Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Хитойга боғлиқлик ортиб боряпти, газ импорт қилиш оша бошлади – Ўзбекистон ташқи савдоси шарҳи
2025 йилнинг 10 ойида Ўзбекистоннинг ташқи савдо айланмаси 66,5 млрд долларни ташкил қилди. Бунда Хитойнинг улуши – 19,7 фоизга етди. Хусусан, ушбу мамлакатга экспорт 4,9 фоизга ёки 1,63 млрд долларгача қисқарган бўлса, импорт ҳажми 34,7 фоизга ёки 11,5 млрд долларгача кўпайган. Шунингдек, БАА билан умумий савдо 1 млрд доллардан ошди. Бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 2 баробар юқори кўрсаткич.
Фото: Kun.uz
2025 йил январь-октябрь ойларида Ўзбекистоннинг ташқи савдо айланмаси 66,5 млрд долларни ташкил этди. Бу 2024 йилнинг мос даврига нисбатан 11,7 млрд долларга ёки 21,5 фоизга кўп.

Бунда экспорт ҳажми 29 млрд доллар (+27,8 фоиз), импорт ҳажми эса 37,5 млрд доллар (+16,9 фоиз) бўлган. Ташқи савдо салбий сальдоси эса 8,5 млрд доллар.

Ҳисобот даврида ташқи савдо айланмасининг салмоқли қисми Хитой (19,7 фоиз), Россия (15,9) Қозоғистон (5,9 фоиз), Туркия (3,7 фоиз) ва Жанубий Корея (2,2 фоиз) билан қайд этилган.
Дастлабки 10 ойликда ўтган йилнинг мос даври билан таққослаганда, йирик ҳамкор давлатлардан Жанубий Корея (-13,3 фоиз),Туркманистон (-7,7 фоиз), Япония (-2,8 фоиз) ва Туркия (-1,2 фоиз) билан савдо айланмаси миқдори қисқарган. Қолган 16 та давлат билан умумий савдо ҳажми сезиларли даражада кўпайган. Хусусан, БАА (+98,8 фоиз), Нидерландия (+55,5 фоиз), Афғонистон (+48,5 фоиз) ва Ҳиндистон (+38 фоиз) каби давлатлар билан умумий савдо ҳажмида катта ўсиш қайд этилган.
Экспорт
Ҳисобот даврида 9,9 млрд долларлик (+49,4 фоиз) олтин сотилган. Бу умумий экспортнинг 34,1 фоизини ташкил этади. Шунингдек, экспорт таркибида саноат товарлари (10,9 фоиз), озиқ-овқат маҳсулотлари ва тирик ҳайвонлар (8,2 фоиз), кимёвий воситалар (6 фоиз), турли хил тайёр буюмлар (4,9 фоиз) ва минерал ёқилғилар (4,3 фоиз) ҳам сезиларли улушга эга бўлган.

Ташқи савдо айланмасида товарлар ва хизматлар экспорти бўйича асосий ҳамкорлар Россия (12,6 фоиз), ХХР (5,6 фоиз), Қозоғистон (4,1 фоиз), Афғонистон (4,1 фоиз), Туркия (3,2 фоиз), Франция (2,7 фоиз), БАА (2,1 фоиз), Қирғиз Республикаси (1,7 фоиз), Тожикистон (1,6 фоиз) ва Покистон (1,1 фоиз) каби давлатлар бўлган. Уларнинг умумий экспортдаги улуши 38,8 фоизни ташкил этади.

Январь-октябрь ойларида 568 млн долларлик газ сотилган бўлиб, бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 5,1 фоизга кўп. Бундан ташқари, 541 млн долларлик нефть ва нефть маҳсулотлари (+7,7 фоиз), 129 млн долларлик электр токи (+58,7 фоиз) экспорти ҳам амалга оширилган.
Ҳисобот даврида қарийб 245 млн долларлик автомобиль ва унинг эҳтиёт қисмлари сотилган. Бу 2024 йилга нисбатан 23,5 фоизга кам.
Импорт
Импорт таркибида энг катта улуш машиналар ва транспорт асбоб-ускуналари (34 фоиз), саноат товарлари (15,8 фоиз) ҳамда кимёвий воситалар ва шунга ўхшаш маҳсулотлар (12,3 фоиз) ҳисобига тўғри келган. Умумий импортнинг 2/3 қисми 7 та давлатдан амалга оширилган:
- Хитой – 30,6 фоиз;
- Россия – 18,5 фоиз;
- Қозоғистон – 7,3 фоиз;
- Туркия – 4 фоиз;
- Жанубий Корея – 3,7 фоиз;
- Германия – 2,5 фоиз;
- Ҳиндистон – 2,5 фоиз.

Ҳисобот даврида 1 млрд 122 млн долларлик газ сотиб олинган, бу ўтган йилги кўрсаткичнинг 84 фоизини ташкил этади. Шунингдек, 1 млрд 281 млн долларлик бензин импорт қилинган.
Мавзуга оид
18:34 / 14.02.2026
Тадбиркор шакар импорти учун божни олиб ташлашни сўради
15:57 / 14.02.2026
Маҳаллий ишлаб чиқарувчиларга янги қўллаб-қувватлаш чоралари ваъда қилинди
22:37 / 02.02.2026
Хитой кетма-кет 16 йилдан буён дунёдаги энг йирик кемасоз давлат мақомини сақлаб турибди
20:40 / 02.02.2026