Ўзбекистон | 23:50 / 02.05.2020
63590
2 дақиқада ўқилади

Сўнгги бир кунда Тошкент ва Бухорода янги зарарланиш ҳолатлари қайд этилмади, энг юқори ўсиш Самарқандда

Навоийда коронавирусга чалинган бир нафар бемор қолган. Бухорода тузалганлар сони сезиларли даражада ўсмоқда. Айни вақтда республика бўйича коронавирусга чалинганларнинг 60 фоизи тузалди.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги Ўзбекистонда коронавирус инфекциясига чалинганлар, ундан тузалганлар ҳақидаги статистик маълумотларни эълон қилди.

Инфографикага кўра, беморларнинг 639 нафари Тошкент шаҳрида (Тошкент вилояти) қайд этилган. Шундан 409 нафари, яъни 64 фоизи касалликдан тузалган. 5 нафар бемор инфекция оқибатида вафот этган.

Зарарланиш ҳолатлари сони кўплиги бўйича иккинчи ҳудуд Бухоро бўлиб, бу ерда жами 428та ҳолат тасдиқланган, ҳозиргача 325 беморга жавоб берилган - тузалиш кўрсаткичи 76 фоиз.

Андижон, Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразмда ҳам тузалиш кўрсаткичи 60 фоиздан юқори. 

Айни вақтда Навоийда атиги бир бемор даволанмоқда, бу вилоят зарарланиш ҳолатлари энг кам қайд этилган уч ҳудуддан биридир - 2 бемор (уларнинг бири соғайган). Бир неча кун аввал коронавирусдан холи ҳудудга айланган Жиззах ва Қашқадарё вилоятларида мос равишда 3 ва 6 нафардан бемор қайд этилганди.

Сирдарё, Самарқанд, Наманган ва Фарғона вилоятларида коронавирусдан тузалганлар сони кўп эмас. Кўрсаткич мос равишда 20, 21, 40 ва 48 фоизни ташкил қилмоқда.

Сўнгги 24 соат ичида республикада жами 32та янги ҳолат қайд этилди. Шундан 12 бемор Самарқандда аниқланган. Андижонда 5, Наманганда 5, Хоразмда 5, Фарғонада 4 ва Сирдарёда 1 кишида коронавирусдан зарарланиш ташхиси қўйилган.

Айни вақтда, 2 май давомида Наманган вилоятида 17 нафар, Қорақалпоғистонда 8 нафар, Хоразм вилоятида 3 нафар, Андижон вилоятида 2 нафар, Тошкент шаҳрида 29 нафар — жами 59 нафар бемор коронавирусдан соғайиб, реабилитацияга кузатилди.

Қайд этиш керакки, беморлар тузалиши сезиларли даражада ошаётган Тошкент ва Бухорода (шу жумладан, Сурхондарё ва Қорақалпоғистонда ҳам) сўнгги бир кунда бирорта ҳам янги зарарланиш ҳолати қайд этилмади.

Тайёрлаган:  Азиз Қаршиев

Мавзуга оид