Ўзбекистон | 14:44 / 26.08.2022
13603
7 дақиқада ўқилади

“Бизнес бошлаш осонлашади” — тадбиркорлар президент билан учрашув таассуротлари ҳақида

​​​​​​​Президентнинг тадбиркорлар билан учрашувида бир қанча янгиликлар эълон қилинди. Kun.uz бу борада соҳа вакилларининг фикрларига қизиқди.

“Бизнес учун биринчи қадам осонлаштирилди”

Ҳасан Мамасаидов – Office Market, Дели ва Декос компаниялари асосчиси, MFaktor лойиҳаси муаллифи:

— Ўтган йили тадбиркорлар куни белгиланганидан кейин, бу йил ҳам анъанавий тарзда давлат раҳбарининг тадбиркорлар билан учрашувида қатнашдик. Самимий учрашув гувоҳи бўлдик.

Кўп масалалар кун тартибига қўйилди. Булар ичида тадбиркорлик фаолиятининг кесимларга бўлингани айниқса катта нарса бўлди. Чунки микробизнес, яъни бир миллионгача бўлган айланмадаги бизнес тури ёш тадбиркорларга, стартаперларга қулай бўлади. Кичик, ўрта ва юқори бизнеслардан кўра катта қулайликлар яратилгани ёш тадбиркорларнинг бизнесга кириб келишини енгиллаштиради.

Энди енгиллаштирилган тартибда ёш тадбиркор бир йилда 20 млн сўмгача пул тўлаб, 6 ойлик ҳисоботни қилмаслиги мумкин. Олдин янги касбларга оид бизнесни йўлга қўймоқчи бўлганлар – масалан, айти бизнесига кирмоқчи бўлганларда қўрқув бўларди: солиқ бобидаги, ёки бухгалтерияга оид хатолар уларнинг маъмурий ёки жиноий жавобгарликка тортилишига сабаб бўлиб қоларди. Ҳақиқатан, 1 млрд сўмгача айланмага эга микробизнесни юритадиганлар учун бизнес юритиш осонлаштирилади – бухгалтерия ҳисоби каби катта қийинчиликлар талаб қилинмайдиган кўринишда олиб борилади. Чунки 1 млрд сўм ва ундан юқори айланмаси бўлган ҳолатларда ҚҚС тизимига ўтса, учётда ҳисоб-китоб олиб бориш қиммат турарди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Аҳолининг 70 фоизи – ёшлар. Ёшларнинг биринчи бизнесга кириб келишини осонлаштириш келажакда уларнинг кейинги поғонага чиқишига стимул бўлади.

ҚҚС 12 фоизга ўтиши ҳам тадбиркор, ҳам истеъмолчиларга қулайлик яратади, бизнеснинг қоронғиликдан ёруғликка ўтишида ўзига хос стимул вазифасини бажаради.

“Асл ислоҳот – қонун устуворлигининг таъминланиши бўлади”

Мурод Назаров – “Murad Building” компанияси асосчиси

— Ҳар йили президентнинг ўзи тадбиркорлар билан кўришиб, муаммоларини эшитиб, қаерда нотўғри кетяпмиз, нотўғри кетаётган бўлсак тўғрилайлик деган маънодаги фидбек тадбир ўтказишини ҳурматга лойиқ деб биламан.

Муаммолар бор, ҳар бир тадбиркорнинг ичида муаммоси бор. Бироқ улар олдингидан камлигини айтсак, адолатли бўлади. Лекин буларнинг асл негизида асосий ислоҳот қаратилиши керак бўлган йўналиш – қонун устуворлиги. Қонун ҳар бир тадбиркор, фуқаро учун адолатли бўлиши керак, шунда ислоҳотлар самарасини кўрсатади. Бу менинг шахсий фикрим.

Биласизми, бу психологияда ҳам бор – инсон миясида бир нечта мия бор: энг кичиги “ҳайвон” мияси ва бу хавфсизликни таъминлаш, қоринни тўйдириш бўлса, ундан кейинги қатламда ижод бор. Олдин жон сақлаш фикри билан юрадиган тадбиркорлар ҳозир кўпроқ ижод, бизнесни ривожлантириш, қандай қилиб янги йўналишларни топиш мумкин, қандай жаҳонга чиқсак бўлади деган фикрлар билан юрибмиз.

“Ҳудудлар ҳолатидан келиб чиқиб ёндашув белгилангани – яхши янгилик”

Фото: Президент матбуот хизмати

Ҳасан Мамасаидов:

— Оддий мисол: Андижонга тўғри келадиган ҳолат Навоийга тўғри келмайди: Андижонда ҳудуд кичкина, одамлар кўп, Навоийда ер ва ҳудуд борасидаги қулайликлар Андижонга ноқулай бўлиши мумкин. Шундан келиб чиқиб Навоийдек ҳудуди катта, аҳолиси кам жойлар учун, шу билан бир қаторда Қорақалпоғистон бўлсин, Сирдарё бўлсин – ҳаммасига ўзига хос ечимлар устида ёндашувга эътибор қаратилди.

Бозорларни яратиш ва пул оқимини рағбатлантириш борасидаги ечимлар, пул маблағларига бўлган ресурсларни осон қабул қилиш, суғурта ва гаров бобида 3 йилдан 5 йилгача, 5 йилдан 7 йилгача пул жалб қилиш ҳам ташкил қилиниши бизнесни узоқроқ режа қилишга ёрдам беради. Чунки бизнесга энди кираётганда пул жалб қилиш 1 йилдан 7 йилгача бўлса, технологияларга катта ресурс ва иншоотларга пул тикиш тадбиркорлар қўлидан келмагани учун инвестицион ёндашув имконияти чекланарди. Бу ҳам катта импулс бўлади.

Янги келган ҳоким эски ҳокимнинг ерга оид қарорини бекор қилса, тадбиркорлар ишончига путур етказадиган ҳолат эди. Бунга ҳам барҳам берилмоқда. Суд қарорисиз ёки бизнес омбудсман рухсатисиз ўринсиз текширувларни камайтириш кабилар ҳам яхши янгилик бўлди.

“Муҳтарам сўзи ишлатилмади”

Ҳикмат Абдураҳмонов – “Ground Zero” коворкинг-марказлари асосчиси, “Team” университети таъсисчиларидан бири:

— Президент билан бўлган учрашувдан муҳим кузатув ва ижобий ўзгаришлар: ҳар 5 дақиқа туришга тўғри келмади, муҳтарам сўзи ишлатилмади, учрашувда “дирижёрлар” бўлмади, уни гапир буни гапирма деган. Албатта пахта бўлди-ю, лекин тадбиркорлар ўзидан чиқди, энди нима қиламиз, ўзбекмиз…

“Кичик сумма учун гаров таъминоти бекор қилинди”

Садоқат Мирзаева – “Art House Sadosh” МЧЖ раҳбари:

— Президент билан очиқ мулоқотга бир нечта таклифлар билан киргандим, лекин улардан энг асосийси гаров таъминоти билан боғлиқ эди. Ҳунармандлар мисолида қарайдиган бўлсак, банкдан 30 миллионгача кичик қарз олмоқчи бўлса ҳам гаров таъминоти сўраларди. Ҳунарманд – энди иш бошлаётган ва қўл меҳнати билан буюмлар тайёрлайдиган тадбиркор. Хурсанд қиладиган томони, мана шу нарсага ечим берилгани ва бу мен учун яхши янгилик бўлди.

“Ўзбекистонда хизмат кўрсатган тадбиркор” унвонини таъсис этилиши ҳам катта нарса бўлди. Мен даставвал 6 йил давомида якка тартибдаги тадбиркор бўлиб фаолият кўрсатган бўлсам, бир йилдан бери катта МЧЖ раҳбариман. Юзлаб аёл-қизларни иш билан таъминлаганман. Бундан ташқари, оддий бир йиллик фаолиятимни юксак баҳолаб “Фаол тадбиркор” кўкрак нишонининг берилиши ҳам қувонтирди.

Учрашувга бу йил қанақа янгилик бўларкан деган ўй-хаёл билан киргандик. Энди айтилган ташаббусларни ҳазм қилиш қолди, холос.

Мавзуга оид