Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Фарғонада “Мирзо Улуғбек ворислари”га ваъда қилинган мукофот пуллари берилмади, нега?
“Мирзо Улуғбек ворислари” танловида туман, шаҳар ғолиби бўлган Фарғонанинг 100 га яқин ёшлари 4 ойдирки мукофот пулларини ололмаяпти. Kun.uz сўровига жавоб берган вилоят ҳокимлиги пуллар “яқин кунларда” тўлаб берилишини ваъда қилди. Бундай ҳолат республиканинг бошқа ҳудудларида ҳам кузатилгани айтилмоқда.
Фото: Kun.uz
Ўзбекистонда 2022 йилдан бошлаб иқтидорли ёшларни излаб топиш, уларни қўллаб-қувватлаш ва илмий-техник фаолиятга кенг жалб этиш мақсадида “Мирзо Улуғбек ворислари” танлови ўтказиб келинади.
Ҳукумат қарори билан тасдиқланган танлов низомига кўра, жараён 3 босқич: туман/шаҳар, вилоятлар ва республика миқёсида ўтади. Иштирокчилар дастлаб танлов учун рўйхатдан ўтиши, кейин IQ тестдан 110 баллдан паст бўлмаган кўрсаткични олиши ва аниқ бир ғоя ёки лойиҳаси билан тақдимот ўтказиши керак.
Шу талабларга жавоб берган, туман ва шаҳарлар кесимида ғолиб деб топилган 100 га яқин фарғоналик ёшлар Kun.uz'га мурожаат қилди. Унга кўра, туман ва вилоятларнинг танлови март-апрел ойларида якунланган. Ҳозир эса июл ойи тугаяпти, уларга ҳалигача сертификатдан бошқа ҳеч нарса берилмаган, танлов низомида кўрсатилган бир марталик мукофот пулидан дарак йўқ.
“Фарғонанинг Марғилон шаҳриданман. 14 март куни шаҳар танловида иштирок этиб, ғолиблик сертификатини олганман. 4 ойдан ошяпти, ҳали мукофот пулимизни олганимиз йўқ. Қанча кутиш керак яна? “Ҳокимлик пул ажртиши билан берамиз, пул йўқ”, дейишяпти.
Фарғонада ҳар чоршанба – вилоят ҳокимлиги қабул куни. 3 июл куни қабулга бордим, вазиятни айтдим. Хабар беришларини айтишди, ўшандан 1 ҳафта ўтдики, хабар қилишмади.
Наманган, Қашқадарё, Андижон, Тошкент вилоятлари мукофот пулларини олган холос. Қолган ҳамма жойда шу муаммо долзарблигича қоляпти”, – дейди Гулнозахон Қозихонова.
Вилоятнинг Тошлоқ туманидан бўлган Аслиддин Раҳматжоновнинг айтишича, ваъда қилинган пуллар фақат республика даражасида ўтган танлов ғолибларига қоплаб берилган, аввалги икки босқичда эса берилмаган.
“Туман, шаҳарлардаги ҳокимликларга бир неча бор Telegram'даги мурожаатлар учун очилган гуруҳларга ёзсак ҳам жавоб келмади, баъзи бир туман, шаҳар ҳокимларининг ўзига ҳам мурожаат қилинган, лекин натижа йўқ. Вилоят ҳокимлигини айтмаса ҳам бўлади, чунки уларга бу ҳақда оғзаки мурожаат қилганимизда бундай танловдан хабарлари йўқлигини, мурожаатни йиғилишда кўриб чиқиб, натижаси ҳақида бизга хабар беришларини айтишганди. Ўша-ўша натижа йўқ.
Бу танловда қатнашган ёшлар биргина Фарғона вилоятида 95 нафар. Уларга ваъда қилинган бир марталик пул мукофотини бермасдан, чўзиб юрган амалдорлар, илтимос, ёшларга ваъда қилинган пул маблағларини вақтида беришингизни сўрайман”, – дейди у.
Республика босқичигача чиқиб ғолиб бўлган Асадбек Зокиров танлов низомида номукаммаллик борлигини айтмоқда.
“Низомда пул мукофоти билан тақдирлашнинг аниқ вақт оралиғи ҳақида сўз юритилмаган. Республика босқичида пул мукофоти билан тақдирлаш ҳақида аниқ сана берилган, яъни 10 кун ичида, лекин маҳаллий босқичлар учун бундай дея олмаймиз.
Ҳозирги низом бўйича маҳаллий ҳокимлик маблағларни асрнинг охирида беришга ҳам ҳақли. Мана шунинг устида ишлаш керак аслида”, – дейди у.
Низом бўйича қанча мукофот пули ваъда қилинган?
Вазирлар Маҳкамаси тасдиқлаган ҳужжатга кўра, танловни ўтказишда Истеъдодли ёшларни қўллаб-қувватлаш бўйича “Улуғбек” жамғармаси, Ёшлар ишлари агентлиги, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари ташкилотчи сифатида масъул этиб тайинланган.
Танловнинг 1-, 2- ва 3-босқичлари ғолиблари тегишлича базавий ҳисоблаш миқдорининг 5 баравари (1,7 млн сўм), 10 баравар (3,4 млн сўм) ва 20 баравари (6,8 млн сўм) миқдорида бир марталик пул мукофотлари ва тегишли диплом билан тақдирланиши керак.
Низомда ҳақиқатан ҳам 1- ва 2-босқичларда тақдирлаш қачон бўлиши ёзилмаган, фақат республика, яъни 3-босқичники очиқланган. Унга кўра, натижалар эълон қилингандан сўнг 10 кун ичида ғолиблар тақдирланиши лозим, бу пуллар “Улуғбек” жамғармаси томонидан берилиши айтилган.
1- ва 2-босқичларга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш, ғолибларини тақдирлаш билан боғлиқ харажатлар эса маҳаллий бюджетнинг қўшимча манбалари ҳисобидан қопланиши белгиланган. Шундан келиб чиқилса, Фарғона вилояти ҳокимлиги бу жараёнда бевосита масъул ташкилот саналади.
“Туман (шаҳар)лар ва вилоят босқичи ғолиблари яқин кунларда тақдирланади” — ҳокимият
Фарғона вилояти ҳокимининг матбуот котиби Дилмурод Жумабоевнинг Kun.uz саволига жавобан маълум қилишича, туман (шаҳар)лар ва вилоят босқичи ғолиблари яқин кунларда тақдирланади.
“2024 йилнинг иккинчи чораги якуни бўйича вилоят маҳаллий бюджетининг қўшимча манбалари ҳисоб-китоби Иқтисодиёт ва молия бош бошқармаси томонидан якунланган. 31 июл куни бўлиб ўтадиган халқ депутатлари Фарғона вилоят кенгашининг навбатдаги сессияси кун тартибига ушбу масала ҳам киритилган.
“Мирзо Улуғбек ворислари” республика танловининг туман (шаҳар)лар ва вилоят босқичи ғолибларини тақдирлаш масаласи сессия қарори билан тасдиқлангандан сўнг, яқин кунларда ғолибларнинг пул мукофотлари етказилади”, – дейилади расмий изоҳда.
Шунингдек, Жумабоевга кўра, бу ҳолат биргина Фарғонада эмас, бутун республикада кузатилмоқда. У ҳеч қайси вилоятда 1- ва 2-босқич ғолибларига мукофот пули берилмаганини айтди. Лекин очиқ маълумотлар буни рад этади. Хусусан, шу йил баҳорда ушбу танлов билан боғлиқ харажатлар учун Навоий вилояти ҳокими 190 млн, Наманган вилояти ҳокими 170 млн сўм, Хоразм вилояти ҳокими 69 млн сўм ажратган.
Маълумот учун, 2024 йилда “Мирзо Улуғбек ворислари” танловида иштирок этиш учун республика бўйича 47 514 нафар ёш рўйхатдан ўтган.
Мавзуга оид
14:33 / 24.11.2025
“10 ойда 15,5 трлн сўмлик утилизация йиғими тўланмаган” – Отабек Бакиров
13:17 / 22.11.2025
Доллар курси тушгани ҳисобига ташқи қарзлардан тежалган маблағнинг бир қисми экологияга ажратилди
19:34 / 15.11.2025
«Ўзбекнефтгаз» тўлаган солиқлар 16 фоизга, «UzAuto Motors»ники қарийб 43 фоизга қисқарди
10:44 / 04.11.2025