Жамият | 13:03 / 14.11.2024
11537
2 дақиқада ўқилади

«Йил имоми»га Ҳаж йўлланмаси топширилди

Ўзбекистон мусулмонлари идораси «Йил имоми – 2024» мусобақасида ғолиб бўлган Наманган вилояти «Ҳомиддин қори» жоме масжиди имом-хатиби Муҳаммад Бобир Насриддиновга Ҳаж сафари йўлланмасини топширди. Шунингдек, диний идора иккинчи ва учинчи ўрин ғолибларини пул мукофоти билан тақдирлади.

Фото: Ўзбекистон мусулмонлар идораси

13 ноябр куни Ўзбекистондаги масжидларда фаолият юритаётган имом-хатиб ва ноиблар иштирокида «Йил имоми – 2024» кўрик-танловининг якуний босқичи бўлиб ўтди. Мусулмонлар идорасининг хабар беришича, унда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри босқичларида ғолибликни қўлга киритган 14 нафар имом домла ўзаро беллашди.

Мусобақа иштирокчилари Қуръони карим қироати ва тафсири, ақида, фиқҳ, Ислом тарихи, ҳадис илмлари, алломалар ижодига оид саволларга жавоб берган. Шунингдек, меҳнат фаолияти давомида амалга оширган салмоқли ишлари ва ОАВда эълон қилинган ижодларини намойиш этган.

Танлов натижаларига кўра, қуйидаги иштирокчилар совринли ўринларга муносиб деб топилди:

  • 1-ўрин – Наманган вилояти «Ҳомиддин қори» жоме масжиди имом-хатиби Муҳаммад Бобир домла Насриддиновга I даражали диплом ва Ҳаж сафари йўлланмаси;
  • 2-ўрин – Тошкент шаҳридаги «Фирдавс» жоме масжиди имом-хатиби Бахтиёр домла Сатторовга II даражали диплом ва 16 млн сўм пул мукофоти;
  • 3-ўрин – Тошкент вилояти «Чаноқ» жоме масжиди имом-хатиби Ёқуб домла Бухарбаевга III даражали диплом ва 13 млн сўм пул мукофоти топширилди.

Шунингдек, танловнинг «Йилнинг энг фидойи имоми» Қорақалпоғистон Республикаси «Мулла Исъҳоқ» жоме масжиди имом-хатиби Алтинбек домла Зинуллаев ва Хоразм вилояти «Мирҳошим бобо» жоме масжиди имом-хатиби Оллаберган домла Ғойиповга насиб этди.

Мусобақа якунида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари «Йил имоми – 2024» соҳибига Ҳаж йўлланмасини топширди ҳамда хайрли дуолар қилди. Танловнинг барча иштирокчиларига қимматбаҳо совғалар тақдим этилди.

Мавзуга оид