Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Ўзбекистондаги барча масжидларда ёмғир сўраб, «истисқо» намози ўқилади — Мусулмонлар идораси
Ўзбекистонда куз фасли ёмғирсиз ўтаётгани, келгуси кунларда ҳам ёғингарчилик кутилмаётгани туфайли муфтий ташаббуси билан, 28 ноябрь куни жума намозидан кейин — Ўзбекистондаги барча масжидларда «ёмғир сўраб, жамоат билан икки ракаат истисқо намози ўқилади». Шунингдек, Умра зиёратидаги имомлардан ҳам Икки Ҳарамда ўз гуруҳлари иштирокида истисқо намозини ўқиш сўралган.
Ўзбекистонда жорий йилда куз фасли ёмғирсиз ўтаётгани, келгуси кунларда ҳам ёғингарчилик кутилмаётгани, ёмғир эса ризқу рўз, мўл-кўлчилик омили экани эътиборидан Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Нуриддин Холиқназар ҳазратлари ташаббус билан чиққан. Унга кўра, 2025 йил 28 ноябрь куни жума намозидан кейин Ўзбекистондаги барча масжидларда «Аллоҳ таолодан тавба-тазарру, истиғфор ила ёмғир сўраб, жамоат билан икки ракаат истисқо намози ўқилади». Бу ҳақда Мусулмонлар идораси матбуот хизмати маълум қилди.
«Ислом тарихида қурғоқчилик кузатилган пайтларда истисқо намози ўқилгани ва унинг самараси кўрилгани келтирилган. Хусусан, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ёмғир ёғмай, сувсизлик бўлган даврларда жамоат билан қиблага юзланиб дуо қилганлари, кейин ўзлари имом бўлиб намоз ўқиганлари ривоят қилинган. Аллоҳ таолодан сув-ёмғир сўраладиган истисқо намози фазилати ҳадис китобларида баён қилинган», дейилади диний идоранинг тушунтиришида.
Бундан ташқари, вилоятлар, туман-шаҳарлар марказий масжидлари ва зиёратгоҳларда жонлиқлар сўйилиб, ёрдамга муҳтож оилалар ва бошқа муҳтожларга тарқатилади.
Шунингдек, диний идора Ислом таълим муассасалари устоз ва талабалари томонидан Имом Бухорий «Саҳиҳи Бухорий» асари 28 ноябрь — жума намозига қадар «хатми кутуб» қилинишини билдирди. «Зеро, Имом Бухорийнинг «Саҳиҳ»лари қурғоқчиликда ўқилганда, Аллоҳ таолонинг иродаси ила ёмғир ёғгани тарих китобларида ёзилган» дейилади хабарда.
Бундан ташқари, Умра зиёратида бўлиб турган имом-домлаларга Икки Ҳарамда ҳам ўз гуруҳлари иштирокида истисқо намозини ўқишлари тавсия этилган.
Ёмғирсиз кунлар ва ифлосланган ҳаво
Эслатиб ўтамиз, жорий йилдаги қурғоқчилик оқибатларини — кўпчилик ифлосланган ҳаво туфайли ўз танасида ҳис қила бошлади. Атмосфера ҳавоси ифлосланиши, станциялар маълумотларига биноан, Тошкент шаҳрида хавотирли ҳолатга етди. Мутахассислар заруратсиз кўчаларга чиқишдан қайтармоқда.
Кескин вазият ортидан 25 ноябрь куни президент Шавкат Мирзиёев «Тошкент шаҳрида экологик вазиятни яхшилаш бўйича кечиктириб бўлмайдиган чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармонни имзолади. Ҳужжатга мувофиқ, пойтахтда экологик муаммоларни ҳал этиш бўйича махсус комиссия тузилди.
Мазкур комиссия зиммасига пойтахтда ҳаво сифати, яшил ҳудудларни асраш ва кўпайтириш, транспортлар ва корхоналардан чиқадиган зарарли моддаларни камайтириш каби вазифалар юклатилди.
Пойтахт атрофидаги иссиқхоналарга газ етказиб бериш тиклангани маълум қилинди. Бунинг ортидан экология мутасаддилари ҳамда ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари томонидан Тошкент шаҳри ва вилоятида ҳаво ифлосланишига қарши кенг кўламли рейд тадбирлари кучайтирилди.
Мавзуга оид
16:34 / 21.05.2026
Кимлар қурбонлик қилади? Унинг ҳукм ва одоблари
18:08 / 04.04.2025
«Профилактик тадбирларни тўғри тушунишингизни сўраймиз» – Мусулмонлар идораси масжидлардаги техник назорат ишлари ҳақида
13:03 / 14.11.2024
«Йил имоми»га Ҳаж йўлланмаси топширилди
18:49 / 23.11.2023