Спорт | 16:00 / 04.07.2019
5784
3 дақиқада ўқилади

Фото: Италияда ёзги универсиада ўйинларининг очилиш маросими бўлиб ўтди

3 июль куни Италиянинг Неапол шаҳридаги Сан-Пауло стадионида XXX ёзги Универсиада ўйинларининг очилиш маросими бўлиб ўтди

Мазкур мусобақада 120га яқин давлатдан 9000 нафарга яқин талаба спортчилар ёзги универсиада таркибидан ўрин олган 18та спорт тури бўйича беллашади. 

Ҳар икки йилда ўтказиладиган ушбу универсиадада 42 нафар ўзбекистонлик талабалар енгил атлетика, дзюдо, таэквондо WTF, бадиий гимнастика, теннис, спорт гимнастикаси, ўқ отиш ҳамда камондан отиш спорт турлари бўйича медаллар учун баҳс олиб боришади.

«Balich Worldwide Shows томонидан тайёрланган очилиш маросимига бутун дунё бўйлаб 1000 нафардан ортиқ ижрочи ва катта истеъдод соҳиблари таклиф этилган. Лойиҳа негизидаги тушунчалар Универсиада логотипининг U ҳарфига асосланади. Ушбу стадион дизайни Неаполда кутилаётган 120дан ошиқ мамлакатдан келган университет спортчиларига икки йирик қўл узатиб тургандек таассурот уйғотади.

Наполи кўрфазига ўхшаб, Сан-Паоло стадиони меҳмондўстлик ва маданий ҳаётнинг ажойиб рамзи бўлиб қолишига астойдил ҳаракат қилинган. 

Халқаро универсиада ва олимпиадаларнинг энг ҳаяжонли дақиқалари — ҳар бир мамлакат делегациясининг ўз байроғини баланд кўтариб мадҳия садолари остида чиқиб келишидир.  Қарийб 80 мингга яқин мухлислар билан тўлиб-тошган стадионга Ўзбекистон Республикаси давлат байроғини, дзюдо бўйича ўсмирлар ўртасида Олимпия ўйинлари чемпиони, кўплаб халқаро турнирлар ғолиби Сухроб Турсунов баланд тутган ҳолда олиб кирди. Байроғимиз ортидан ватан шарафини муносиб ҳимоя қиладиган, баҳсларда ўзбек фарзандлари ҳеч кимдан кам эмаслигини дунёга яна бир карра кўрсатадиган спортчилар, мураббий ва мутахассислар майдонга кириб келди. Тантанали очилиш маросимида Ўзбекистон делегациясига раҳбарлик қилаётган жисмоний тарбия ва спорт вазири Дилмурод Набиев ҳамда Ўзбекистоннинг Италиядаги фавқулодда ва мухтор элчиси Отабек Акбаров иштирок этди. 

Шундай қилиб, ХХХ ёзги Универсиада ўйинлари бошланди. Мусобақаларда спортчиларимизга ғалаба ёр бўлишини тилаб қоламиз», дейилади Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги матбуот хизмати хабарида.

Тайёрлаган:  Азиз Қаршиев

Мавзуга оид