Дастлаб «Халқ сўзи» газетаси чироқчилик қизнинг «супер контрактга илингани» ҳақида хабар берди.
«Қашқадарё вилоятининг Чироқчи тумани Ўрта қишлоғида яшовчи Ирода Қаршибоева Қарши давлат университетининг кимё-биология факультетига ҳужжат топшириб, «супер контракт»га илинди.
Астойдил олий таълим олишни истаган бу қизнинг қўлига 57 млн 713 минг 490 сўмлик шартномани тутқазишганида кўз олди қоронғилашиб кетди: «Бунча пулни қаердан топаман? Оиламнинг имкони етмаса...» деган фикр хаёлидан сира кетмас, кейинги йил яна бир бор омадини синаб кўриш ҳақида ҳам ўйлар, лекин олийгоҳда ўқиш истаги ҳаммасидан устунлик қиларди.
Бир илинж — бу университет ректори Дилмурод Набиевга учрашиш, жуда ўқигиси келаётганини айтиш эди. Аммо ректор уни қабул қиладими? «Талаб шу, пулини тўласангиз, ўқийсиз», деса нима дейди? У шундай ўй-хаёллар билан ректорга учрашди.
«Қизим, орзум ушалди, деяверинг...» Ирода ректорнинг самимият билан айтган бу гапини тушида ёки ўнгида эшитганини фарқлай олмай қолди. Кўзларидан беихтиёр ёш оқди. Ректорга қандай миннатдорлик билдиришни билмасди. Фақат у «Наҳотки мен талаба бўлдим? Бу хабарни тезроқ онамга етказишим керак», дер эди», — дейилади мақолада.
Қарши давлат университети матбуот хизмати маълумотига кўра, Ирода Қаршибоева шу йил 23 ноябр куни университетнинг кимё-биология факультети 1-босқичида ўқишни бошлади. «Супер-контракт» суммаси ОТМ бюджетдан ташқари маблағи ҳисобидан тўлаб бериладиган бўлган.
Блогер Хушнудбек Худойбердиев Twitter’даги саҳифасида ушбу воқеа юзасидан фикрларини билдирди.
«Албатта, меценатликнинг ҳар қанақаси яхши. Буни муҳокама қилиш ҳам ғалати. Аммо ўқишга кира олмаган талабага 57 млн сўм бергандан, ўқишга кирган 10 талабага ёрдам бериш яхшироқ, менимча. Яна ҳам ким билсин? Бюджет тақсимоти ҳам тахминан шунақа бўлади бизда», — деб ёзди у.

Телеграм каналларининг бирида эса «Халқ сўзи»дагиларга кимдир эслатиб юборсин, «супер контракт» бўлиб ўқишга кирилмайди ёки илинилмайди. «Супер контракт»да соққасини тўлаб ўқилади», деган маънода пост жойланди.







