Иқтисодиёт | 18:26 / 03.06.2026
1912
4 дақиқада ўқилади

Йил охиригача Бухоро-Урганч-Хива йўналишида замонавий электропоездлар қатнови йўлга қўйилади – транспорт вазири

Транспорт вазири Илҳом Маҳкамов бир қатор янги темирйўл қатновлари йўлга қўйилишини маълум қилди, Хусусан, Бухоро–Урганч–Хива йўналишида электропезд қатнови жорий йилда ишга тушади. Тошкент–Самарқанд йўналишида алоҳида юқори тезликдаги темирйўл линияси лойиҳаси 2030 йилга қадар якунланади. Яна 4 та "Жалоддин Мангуберди" тезюрар поездлари олиб келинади. Чехиянинг Skoda компаниясидан 10 та замонавий электропоезд харид қилинади.

Фото: Қонунчилик палатаси

3 июн куни транспорт вазири Илҳом Маҳкамов Қонунчилик палатасида темирйўл транспорти соҳаси бўйича ҳисобот берди.

Вазирнинг маълум қилишича, Тошкент–Самарқанд йўналишида алоҳида юқори тезликдаги темирйўл линияси лойиҳасининг техник-иқтисодий асослари якуний таҳрири ишлаб чиқилган. 2030 йилга қадар лойиҳани якунлаб, мазкур йўналишда поездлар ҳаракатини йўлга тушириш бўйича ишлар амалга ошириляпти.

“Бундан ташқари, Урганч халқаро аэропортидан Урганч шаҳрига йўналишда бўлган темирйўл линиясига туташтирувчи 10,8 километр узунликдаги темирйўл линияси қуриш ишлари жадал суръатларда олиб борилмоқда. Жорий йил 1 август кунига қадар мазкур Урганч–Хива темирйўл линияси электрлаштирилган темирйўл бўлиб қуриб битказилади ва замонавий электропоездлар қатнови йўлга қўйилади”, - деди вазир.

Унинг қайд этишича, жорий йил якунига қадар Бухоро–Урганч–Хива йўналишида замонавий электропоездлар қатнови ҳам йўлга қўйилади.

Бундан ташқари, жорий йил якунига қадар Тошкент агломерациясига поездлардан кириб келадиган электропоездларни жамоат транспорти билан интеграция қилувчи транспорт боғламалари яратилади. Хусусан, “Чоштепа”, “Шаҳристон” ва “Турон” метро бекатлари яқинида темирйўл тўхташ пунктлари қурилади. “Тўхташ пунктлари қурилиши натижасида йўловчиларга жамоат транспортидан фойдаланиш хавфсиз, қулай ва тезкор амалга оширилади”, - деди вазир.

Маҳкамовнинг эслатишича, 2024 йилда Россия Федерациясининг иккита EP3D русумли шаҳар атрофи йўналишида ҳаракатланувчи замонавий электропоезди олиб келиниб, Тошкент–Ҳожикент–Чирчиқ йўналишида йўлга қўйилганди. Жорий йилда хорижий ҳамкорлар билан биргаликда иккита замонавий электропоезд ишлаб чиқарилган. Улардан бири жорий йил 30 апрелидан бошлаб Фарғона водийсида айлана ҳалқа йўналишида ҳаракатланишни бошлаган. Жорий йил июл ойидан бошлаб Тошкент–Ғазалкент–Хўжакент ва янги қуриб битказилган Тошкент–Паркент йўналишларида замонавий электропоезднинг иккинчи қатновлари йўлга қўйилади.

Шу билан бир қаторда, жорий йилнинг ўтган даврида иккита юқори тезликда ҳаракатланувчи “Жалолиддин Мангуберди” электропоезди олиб келинганди. Соҳа раҳбари бу поездлардан яна 4 та олиб келинишини маълум қилди.

“Бугунги кунда Тошкент–Хива–Тошкент йўналишида электропоездларнинг синов жараёнлари амалга оширилаётган бўлиб, синовлар муваффақиятли якунлангач, мунтазам қатновлар йўлга қўйилади. Шу билан бир қаторда, ҳозирги Тошкент–Андижон ҳамда Тошкент–Термиз йўналишларидаги темирйўл линияларини қайта модернизация қилиш ва бу йўналишларга Hyundai Rotem компанияси томонидан ишлаб чиқарилган саккизта тезюрар электропоездларни қатновга йўлга қўйиш масаласи кўриб чиқилмоқда. Яъни Тошкент–Андижон ва Тошкент–Термизда, хабаринглар бор, тоғли ҳудудлардан переваллардан ҳаракатланадиган махсус агрегат таркиблари олиб келинади ва Жалолиддин Мангуберди юқори тезликда ҳаракатланадиган поездларининг яна қўшимча тўрттаси олиб келинади”, - деди вазир.

Шунингдек, Чехиянинг Skoda Transportation компаниясидан 10 та замонавий электропоезд харид қилиш ҳамда талаб юқори бўлган йўналишларда ҳаракатини йўлга қўйиш орқали йилига қўшимча 5,2 миллион нафар йўловчи ташиш имконияти яратилади.

“Skoda Transportation билан электропоездларни ишлаб чиқаришни бошлаш тўғрисида меморандум имзоланган. 2027 йилдан бошлаб электропоездлар юртимизга олиб келиниб бошланади ва қуйидаги йўналишларда босқичма-босқич қатновлар ташкил этилади: Термиз–Самарқанд, Урганч–Нукус, Тошкент–Ангрен, Тошкент–Бекобод, Тошкент–Бойсун–Қўрғон, Самарқанд–Қарши–Шаҳрисабз, Тошкент–Ангрен, Тошкент–Ҳожикент–Чирчиқ каби, яъни вилоят марказлари агломерациялар билан йўловчи ташиш хизматлари билан боғланади. Бунга қўшимча яна 10 та замонавий электропоезд харид қилиш масаласида бошқа Европанинг компаниялари билан музокаралар олиб борилмоқда”, - деди Илҳом Маҳкамов

Мадина Очилова
Тайёрлаган Мадина Очилова
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид