Ўзбекистон | 11:55
1086
4 дақиқада ўқилади

Чипта етишмовчилиги ва вагонлардаги санитар ҳолат – транспорт вазири темирйўлдаги муаммолар ҳақида

Асосий муаммо - ҳаракат таркибининг етишмаслиги, 120 та вагонга эҳтиёж бор, деди Қонунчилик палатасида ҳисобот берган транспорт вазири Илҳом Маҳкамов. Унинг сўзларига кўра, чипта харид қилиш истагини билдирган фуқароларнинг камида 30 фоизи дефицит сабабли чиптасиз қолиб кетмоқда. Депутатлар айниқса байрам кунларидаги чипта етишмовчилиги бўйича аниқ ечим сўради.

Фото: Қонунчилик палатаси матбуот хизмати

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг 3 июн кунги мажлисида транспорт вазири Илҳом Маҳкамов ҳисобот берди.

Вазир ҳисоботида тез-тез кўтариладиган муаммоларга тўхталаркан, ҳаракат таркибларининг етишмаслиги асосий масала эканини урғулади.

“Ҳозирги кунда мавжуд поездлар таркибини тўлдириш учун 120 та вагонга эҳтиёж мавжуд. Йўловчи поездларида маънан эскирган вагонларнинг хизмат кўрсатиши ва улардаги салбий санитар ҳолатлар, юқори тезликда ҳаракатланадиган поездларга талабнинг юқори бўлгани сабабли чипта етишмовчилиги мавжудлиги… Таҳлилларга кўра, чипта харид қилиш истагини билдирган фуқароларнинг камида 30 фоизи чипта дефицити сабабли чипта харид қилиш имкониятига эга эмас”, - деди у.

Маҳкамовнинг қайд этишича, қўшимча йўловчи поездлар қатновини ташкил этиш учун йўл инфратузилмаси мавжуд эмас. Ҳозирги вақтда Тошкент–Самарқанд участкаси энг қатнови тирбанд бўлган участка ҳисобланиб, юк ва йўловчи поездлар ҳаракати максимал тарзда ташкил этилган. Шу сабабли ушбу участкада қўшимча поездлар қатновини йўлга қўйишда ҳар доим мураккабликлар юзага келади.

Соҳа раҳбари республиканинг баъзи ҳудудларида шаҳар атрофида ҳаракатланувчи йўловчи поездлар ҳаракати ташкил этилмагани, темирйўл вокзалларида йўловчилар учун таклиф этиладиган сервис хизматлари сифати етарли даражада эмаслигини ҳам қўшимча қилди.

Илҳом Маҳкамов депутатлардан аҳоли истаги ва муаммоларини етказиб беришни сўради.

Унинг таъкидлашича, 2025 йил 30 декабр куни имзоланган “2030 йилга қадар темир йўл транспортида маҳаллий йўналишларда йўловчи ташиш кўрсаткичларини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги президент қарори билан, 2030 йилгача темирйўл транспорти йўловчи ташиш инфратузилмасини ривожлантириш ва ҳаракатдаги таркибни янгилаш дастури қабул қилиниб, аҳолига хавфсиз ва сифатли транспорт хизматлари кўрсатилишини таъминлаш, 2030 йилга қадар республиканинг барча ҳудудларини юқори тезликдаги ва тезюрар электропоезд қатнови билан қамраб олиш белгиланган.

Мажлисда депутатлар таътил вақтларида транспортга талаб ошиши, шундай вазиятларни олдиндан билиш қийин эмаслиги, лекин қўшимча вагон ва рейсларни ташкил этиш етарлича таъминланмаётганини таъкидлаб, вазирдан аниқ ечим сўради.

Маҳкамовнинг сўзларига кўра, Ҳайит байрами кунлари барча ҳаракат таркиблари 30 фоизга оширилган ва бу аллақачон тажрибага айланган.

“Энди тўғрисини айтиш керак, биз бор ҳаракат таркибимизни қўямиз, йўғини қўя олмаймиз. Йўналишларни ўзгартириб, мана, ҳозир юқорида айтган дастурларимизга асосан, тарихда сотиб олинмаган ҳаракат таркибларини сотиб олиш дастурлари тасдиқланган ва молиялаштириш манбалари белгиланган. Бу йилдан йилга кўпайиб боради. Иккинчи муаммога дуч келамиз: ҳаракат таркибини кўпайтирганимиз билан мавжуд инфратузилмадан ўтказувчанлик қобилиятига риоя қилишимиз керак. Ўтказувчанлик қобилиятини ошириш бўйича алоҳида дастур билан белгилаб берилган. Уни ҳам молиялаштириш манбалари белгиланган, йилдан йилга кўпайтириб боряпмиз”, - деди у.

Транспорт вазири онлайн чипта олишда муаммолар юзага келишига изоҳ бераркан, дастурни ишлаб чиқиш ва татбиқ қилиш билан бир қаторда унга хизмат кўрсатадиган ускуналарни ҳам алмаштириш кераклигини айтди.

“Бу йил биз бу муаммони тўлақонли ечамиз: “Ўзбекистон темирйўллари” ва “Йўловчи ташиш” акциядорлик жамиятлари ускуналарни модернизация қилиш ишларини амалга оширяпти. Бу йил уни тўлақонли бартараф этамиз”, - деди Маҳкамов.

Мадина Очилова
Тайёрлаган Мадина Очилова
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид