Ўзбекистон | 11:35 / 13.10.2021
5853
3 дақиқада ўқилади

Навоий шаҳрида янги массив қурилади, Зарафшон шаҳри ҳудуди кенгайтирилади

Келгуси беш йилда Навоий аҳолиси камида 150 минг нафарга ошади. Бу ҳақда президентликка номзод Шавкат Мирзиёев Навоий вилояти сайловчилари билан учрашувида айтиб ўтди.

Фото: Миллий масс-медиа фонди

“Ҳозирги кунда вилоятда уй-жойга бўлган талаб юқорилиги барчамизга маълум. Айниқса, ушбу масала Навоий ва Зарафшон шаҳарларида ўта долзарб. Шу билан бирга, келгуси беш йилда Навоий аҳолиси камида 150 минг нафарга ошади.

Шундан келиб чиқиб, Навоий шаҳрида янги массив барпо этилиб, 4 минг хонадонга мўлжалланган кўп қаватли уйлар, мактаб, боғча ва бошқа ижтимоий объектлар барпо этилади, Зарафшон шаҳри ҳудуди кенгайтирилиб, қўшимча 30 минг аҳоли яшаши учун замонавий инфратузилмага эга бўлган “Саноатчилар шаҳарчаси” қурилади, бошқа туманларда 14 минг хонадонли 400 та кўп қаватли уй-жойлар қурилади. 

Бунда, жорий йилдан бошлаб, Кармана туманида “Боғдод тажрибаси” асосида уй-жойлар, ишлаб чиқариш, саноат ва ижтимоий инфраструктура объектларини ўз ичига олган Янги Ўзбекистон массивлари барпо этилади, 2 мингта хонадон эҳтиёжманд оилалар учун ажратилиб, уларга 100 миллиард сўм субсидия берилади.

Навоий шароитида энг долзарб масалалардан бири – аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш ҳисобланади. Шу боис, беш йилда вилоятда 1 минг километрдан зиёд ичимлик суви ва 90 километр канализация тармоқлари қурилади. 

Шунингдек, 32 миллиард сўмлик гидрогеологик тадқиқотлар олиб борилиб, Зарафшон шаҳри, Учқудуқ, Хатирчи ва Томди туманларининг жами 70 мингдан ортиқ аҳолиси ерости захираси ҳисобидан ичимлик суви билан таъминланади. Натижада, 2026 йилга бориб, 163 минг нафар аҳолига илк бор ичимлик суви олиб борилиб, яна 200 минг аҳолининг сув таъминоти яхшиланади.

Вилоятда марказлашган ичимлик суви таъминоти даражаси 69 фоиздан 84 фоизга етказилади. “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурлари доирасида, келгуси беш йилда 100 та қишлоқ ва маҳалла обод қилинади. Бунга, бюджетдан ҳар йили камида 600 миллиард сўм йўналтирилади. 

Шунингдек, келгуси беш йилда 5 минг километр электр тармоғи, 1 мингдан зиёд трансформаторлар янгидан қурилади. Бу ўтган беш йилга нисбатан 2 марта кўп. Вилоятда 6 минг километр автомобиль йўллари, 186 та кўприк қурилади ва таъмирланади. Бунга 3 триллион сўмга яқин маблағлар йўналтирилади”, деди президентликка номзод.

Мавзуга оид