Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Бўстонлиқда зиплайн учган фуқаро тўсиққа урилди
Ҳолат аттракциондан фойдаланишда кескин ҳаракатланиш оқибатида юзага келган. Зиплайннинг тормоз тизимида носозлик юзага келиб, унда учаётган фуқаро тўсиққа урилган.
Фото: Видеодан кадр
Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманида жойлашган дам олиш масканларининг биридаги зиплайнда носозлик юзага келиши оқибатида фуқаро жароҳат олди. Бу ҳақда Саноат, радиация ва ядро хавфсизлиги қўмитаси Kun.uz’га маълум қилди.
Ижтимоий тармоқларда 5 май куни аттракционда зиплайн учаётган фуқаро тўсиққа урилгани ва жароҳат олгани тасвирланган видеолар тарқалди.
Қайд этилишича, видеолавҳада акс эттирилган аттракционлар қўмитанинг Тошкент вилояти ҳудудий бошқарма масъул ходимлари томонидан ўрганилган.
Ўрганиш давомида ушбу ҳолат Бўстонлиқ тумани “Хумсон” МФЙ Угам дам олиш масканида жойлашган аттракционда юз бергани аниқланган. Таъкидланишича, аттракциондан фойдаланишда кескин ҳаракатланиш натижасида тормоз тўхташ тизимида носозлик юзага келган ва фуқаро тўсиққа урилган.
Ҳолат тўлиқ ўрганилиб, дам олиш масканига ўрнатилган аттракциондаги камчиликлар бартараф этилмагунга қадар ундан фойдаланмаслик бўйича оромгоҳ мутасаддиларига тавсия ва кўрсатмалар берилган.
Маълумот учун, зиплайн бу — оғир юклар ва одамларни мустаҳкам тросс ёрдамида бир нуқтадан иккинчисига катта тезликда тушириш имконини берувчи қурилма.