Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Бўстонлиқ туманида тажриба тариқасида солиқ солиш объектларини ҳисобга олишнинг алоҳида тартиби жорий этилади
Бўстонлиқ туманининг Ғазалкент шаҳри, Дўстлик, Сижжак ва Новобод маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудларида 4 та солиқ таянч пунктлари ташкил этилади.
Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманида тажриба тариқасида солиқ солиш объектларини ҳисобга олиш ва солиқ маъмуриятчилигининг алоҳида тартибини жорий этиш тўғрисида ҳукумат қарори қабул қилинди.
Қарорга мувофиқ, 2020 йил 1 майдан бошлаб, 2021 йил 1 майгача Бўстонлиқ туманида тажриба тариқасида солиқ солиш объектларини ҳисобга олиш ва солиқ маъмуриятчилигининг алоҳида тартиби жорий этилади.
Ҳужжатда белгиланишича, тажриба даврида:
жисмоний шахслар томонидан дам олиш уйлари, дала ҳовли, якка тартибда қурилган уй-жойлар ва яшаш учун мўлжалланган бошқа турар жойлар (кейинги ўринларда кўчмас мулк объектлари деб аталади), шунингдек, мазкур қарорга иловада кўрсатилган айрим мол-мулк турлари солиқ органларининг таянч пунктлари томонидан солиқ солиш объектларининг ҳисобга қўйилгани тўғрисидаги бепул бериладиган гувоҳнома асосида ижарага берилади;
жисмоний шахслар томонидан кўчмас мулк объектларининг ижарага берилиши билан бир вақтда Давлат солиқ қўмитасининг ягона электрон платформасига (мобил илова ёки веб-сайт орқали) бу ҳақдаги маълумотлар киритилиши лозим. Бунда ягона электрон платформага тегишли маълумотлар киритилган тақдирда, кўчмас мулк объектларини ижарага бериш шартномасини тузиш ва уни давлат солиқ хизмати органларида ҳисобга қўйиш талаб этилмайди;
кўчмас мулк объекти ва айрим мол-мулк турлари солиқ органларида ҳисобга олинган махсус чеклар тақдим этиш орқали ижарага берилади ҳамда тегишли солиқлар тўланган тақдирда, ушбу фаолиятдан тушган нақд пулни банк кассасига топшириш ихтиёрий ҳисобланади;
солиқ солиш объектларининг ҳисобга қўйилгани тўғрисидаги гувоҳномасиз кўчмас мулк объектлари ва айрим мол-мулк турларини ижарага бериш ёхуд кўчмас мулк объектларининг ижарага берилгани тўғрисидаги маълумотларни белгиланган тартибда ягона электрон платформага киритмаслик — солиқларни тўлашдан бўйин товлаш деб ҳисобланади ва қонунчиликда белгиланган тартибда жавобгарликка тортилади;
солиқ солиш объектларининг ҳисобга қўйилгани тўғрисидаги гувоҳнома асосида айрим мол-мулк турларини ижарага бериш билан шуғулланадиган жисмоний шахслар тадбиркорлик субъектлари сифатида давлат рўйхатидан ўтиши шарт эмас ҳамда уларнинг даромадларига белгиланган тартибда декларация асосида солиқ солинади;
тадбиркорлик субъекти сифатида белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтган ҳолда оилавий меҳмон уйлари хизматлари кўрсатаётган ва айрим мол-мулк турларини ижарага бериш билан шуғулланадиган жисмоний шахсларга мазкур қарор талаблари татбиқ этилмайди.
Бўстонлиқ туманининг Ғазалкент шаҳри, Дўстлик, Сижжак ва Новобод маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудларида 4 та солиқ таянч пунктлари ташкил этилади ва солиқ органлари бошкарув ходимларининг белгиланган умумий сони доирасида 30 та штат бирлиги ажратилади.
Қарорга иловада келтирилган жисмоний шахсларнинг даромад манбаи сифатида солиқ органларида ҳисобга қўйиладиган мол-мулклари рўйхати қуйидагилардан иборат:
1. Сув транспорти (моторли ва моторсиз, шу жумладан шишириладиган).
2. Сув мотоцикллари (скутерлар ва бошқалар).
З. Қорда юрадиган техника воситалари (қор автоулови).
4. Квадроцикллар.
5. Парапланлар ва дельтапланлар.
6. Супа, сўри, топчанлар ва шунга ўхшаш дам олиш учун жойлар.
Мазкур рўйхатга Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси томонидан Вазирлар Маҳкамаси билан келишилган ҳолда, ўзгартириш ва қўшимчалар киритилиши мумкин.
Мавзуга оид
19:33 / 05.05.2025
Бўстонлиқда зиплайн учган фуқаро тўсиққа урилди
21:19 / 07.07.2021
Жисмоний шахслар ЯТТ сифатида таксичилик қилганда қанча солиқ тўлайди?
10:06 / 02.07.2021
130та давлат халқаро солиқ тизими киритилишини маъқуллади
11:27 / 27.06.2021