Ўзбекистон | 19:26 / 03.02.2020
120802
6 дақиқада ўқилади

Ҳаж зиёратига бориш тартиби қандай? (батафсил)

Ўзбекистонда йилига 7 мингга яқин фуқаро Ҳаж сафарига юборилади. Зиёрат нархи 2019 йилда 33,5 млн сўмни ташкил этганди. Талабгорлар ўртача 3-5 йил навбат кутадилар. Шу билан бирга, навбатга ёзилиб, тўлов қилишнинг ўзи кифоя эмас – муайян талабларни ҳам бажариш лозим.

Аҳолисининг аксариятини мусулмонлар ташкил этадиган Ўзбекистонда Ҳаж зиёратига бориш учун талаб юқори. Ҳозир Умра зиёратига хусусий фирмалар орқали ҳам бориш мумкин, аммо Ҳажга фақатгина давлат органи – Диний ишлар бўйича қўмита томонидан юборилиши ҳамда бу зиёратнинг мавсумий (Ой тақвими бўйича Зулҳижжа ойи, Қуёш тақвими бўйича доимий ўзгариб туради) бўлгани боис навбат кутишлар узоқ вақт талаб қилади.

Ҳаж учун навбатга туриш тартиби юзасидан саволлар кўплиги боис қуйида бу борада батафсил маълумот келтирилади.

Ҳаж зиёратига фуқароларни юбориш Вазирлар Маҳкамаси тасдиқлаган «Ҳаж ва Умра тадбирларини ташкил этиш ва ўтказиш тартиби тўғрисида»ги Низомга кўра амалга оширилади.

Дин ишлари бўйича қўмита томонидан берилган маълумотга кўра, илгари Ҳажга бориш истагини билдирган ҳар бир фуқаро навбатга қўйилар эди. Ҳозирда бу иш ўзини ўзи бошқариш органлари – маҳалла фуқаролар йиғинлари тавсияси асосида амалга оширилади.

Ҳаж зиёратига юбориш бир неча босқичда амалга оширилади.

Биринчи босқич: ҳужжат топшириш

Фуқаро доимий яшаш манзили бўйича маҳалла фуқаролар йиғини (МФЙ)га ҳужжат (паспорт нусхаси ва ариза) топшириши лозим.

Иккинчи босқич: номзодни ўрганиш

Фуқаронинг белгиланган мезонларга мувофиқлиги ўрганилади. Номзод қуйидаги талабларга жавоб бериши керак:

·       моддий (зиёрат учун харажатларни тўлай олиш) ва жисмоний (саломатлигининг яхши бўлиши) жиҳатдан зиёратга қодир бўлиши;

·       Ҳаж ибодатини тўкис адо этиш учун етарли диний билимга эга бўлиш;

·       оиласидаги муҳитнинг соғломлиги ва фарзандларининг ижобий тавсифланиши, маҳалла фуқаролар йиғинидаги ижтимоий-маънавий муҳитни яхшилашда ибрат бўла олиши;

·       йўлдан адашганларни соғлом турмуш тарзига қайтариш, уларнинг ижтимоий мослашувига ёрдам бериши, маҳалла фуқаролар йиғинида ўтказиладиган хайрия тадбирларида иштирок этиши;

·       бундан олдин Ҳаж ибодатига бормаган бўлиши.

Миробод тумани, «Мовароуннаҳр» МФЙ раиси Маъмура Одилованинг маълумот беришича, ушбу маълумотларни жамлашда маҳаллада уйбоши, йўлакбоши, номзоднинг қўни-қўшнисидан сўраб-суриштирилиши мумкин. Яъни фуқаро ҳақидаги жамоатчилик фикри ўрганилади.

Учинчи босқич: суҳбат

Ҳажга бориш истагида бўлган фуқаро билан суҳбат ўтказилади. Суҳбат 7 нафар мутахассис ― туман бош имоми, маҳаллага бириктирилган имом, маҳалла раиси, диний маърифат ва маънавий-аҳлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчи, профилактика испектори, Хотин-қизлар қўмитаси ва «Нуроний» жамғармасидан жамланган вакиллардан иборат комиссия томонидан ўтказилади.

Суҳбат ҳар ойнинг бешинчи санасидан кечиктирилмаган муддатда ўтказилиши керак. Яъни агар фуқаро 1 феврал санасида ариза топширса, 5 февралга қадар у билан суҳбат ўтказилиши лозим.

Суҳбатда фуқаронинг Ҳажга бориш учун лаёқати, диний билими, соғлигининг даражаси, молиявий таъминоти, маҳалла ҳаётида фаоллиги, қўни-қўшнилар билан муносабатлари, ҳуқуқбузарлик содир этган-этмагани ўрганилади. Шу мезонлар асосида номзодлар сараланади, уларни навбатга қўйиш ҳақида комиссия томонидан тавсия берилади ва навбатга киритилади. Нечанчи навбатга қўйилгани хусусида унга тасдиқнома берилади. Навбатда турганлар рўйхати МФЙ биносида эълон қилинган бўлиши керак.

Тўртинчи босқич: кузатув

Фуқаро навбатга қўйилгандан кейин маҳалла фуқаролар йиғинининг доимий назоратида бўлади. Бу даврда маҳалла тадбирларида иштирок этиш, қўни-қўшнилар, маҳалладаги турмуши оғир оилаларни қўллаб-қувватлаш, хайрия тадбирларида қатнашиш, оиласи билан бошқаларга намуна бўлиш, коммунал тўлов ва солиқларни ўз вақтида тўлаш каби тартибларга риоя қилиш жиҳатлари кузатиб борилади.

Бешинчи босқич: квота тақсимоти

Ҳаж зиёратига фуқароларни юбориш учун саралаш зиёрат мавсумидан камида беш ой аввал бошланиши керак. Туман/шаҳар ҳокимликлари шу ҳудуддан Ҳажга одамларни юбориш учун ажратилган квотани маҳаллаларга тақсимлайди. Тақсимотда маҳалладаги аҳоли сони, дин амалиётига риоя қилувчиларнинг кўрсаткичларидан келиб чиқилади.

Маҳалла учун ажратилган квотадан келиб чиқиб, рўйхатга биноан навбати келганлар хабардор қилинади. Агар навбати келган фуқаро турли сабабларга кўра шу мавсумда зиёратга бора олмаса, ундан бу ҳақида ёзма билдиришнома олинади. Мазкур номзоддан кейинги навбатда турган фуқарога навбат тегади.

Маъмура Одилованинг айтишича, талабгорлар ўртача олганда 3-5 йил навбат кутишади.

Ҳаж зиёрати учун тўлов миқдори қанча?

Зиёратга бориш учун харажатларнинг умумий суммаси ҳар йили ўзгариб боради. 2019 йил учун бу кўрсаткич 33,5 млн сўмни ташкил этган.

Маълумот ўрнида, 2016 йилда Ўзбекистондан 5200 киши Ҳаж амалларини адо этиб келган бўлса, 2017-2018 йилларда 7200 нафар атрофида ўзбекистонлик ислом динининг муқаддас арконларидан бирини адо этиш имконига эга бўлган. 2019 йилда эса республика бўйича 6970 нафар фуқаро Ҳажга бориш учун тавсия қилинган.

Саодат Абдураҳмонова тайёрлади.

Мавзуга оид