Ўзбекистон | 23:09 / 15.04.2026
988
6 дақиқада ўқилади

Саудия Арабистонида Ҳаж мавсумига тайёргарлик бошланди. Нималарни билиш керак?

2026 йилда Ҳаж мавсуми май ойининг охирги ўн кунлигига тўғри келмоқда. Саудия ҳукумати бутун дунёдан келадиган миллионлаб зиёратчиларни кутиб олиш ва мавсумни талафотларсиз ўтказиш учун бир қанча чораларни эълон қилди.

Фото: Haramain Info

2026 йилда Қурбон Ҳайити тахминан 26 ёки 27 май саналарига тўғри келиши кутилмоқда. Айни шу кунларда бутун дунё мусулмонлари Саудия Арабистонидаги муқаддас Макка шаҳрига бориб, Ҳаж амалини бажаради. Шунга мувофиқ, Саудия расмийлари ҳар йили келадиган миллионлаб зиёратчиларни кутиб олиш ва мавсумни талафотларсиз, тартибли ўтказиш учун олдиндан тайёргарлик кўради.

Булар қаторига зиёратчиларга хизмат кўрсатиш, йўллардаги тирбандлик ва меҳмонхоналарни ҳисобга олиш, ноқонуний келувчилар оқимини чеклаш каби чоралар киради. Бугун шулар ҳақида маълумот берамиз.

Маккага киришда чекловлар

2026 йил 13 апрелдан Саудия Арабистони муқаддас Макка шаҳрига кириш қоидаларига ўзгартириш киритди. Унга кўра, 3 тоифадан ташқари барча учун Макка шаҳрига киришда чекловлар ўрнатилади.

Хусусан, эндиликда ҳаж мавсуми якунлангунга қадар фақат:

- амалдаги Ҳаж рухсатномаси эга;

- Макка шаҳрида яшаш гувоҳномасига эга;

- Маккада ишлаш рухсатномасига эга бўлганларгина ушбу шаҳарга кира олади.

Фото: SPA

Ушбу уч тоифадан бирига кирмайдиган ҳар қандай шахс визасининг тури ёки саёҳат мақсадидан қатъи назар, муқаддас шаҳарга киритилмайди. Хусусан, Умра визаси эга чет элликлар ҳам 18 апрелга қадар Саудияни тарк этиши шарт.

Ушбу чекловларнинг қўлланиши ҳар йилги Ҳаж мавсумига тайёргарликнинг стандарт қисми бўлиб, миллионлаб ҳожилар кела бошлаган бир пайтда – шаҳарга киришни тартибга солиш ва назорат қилишга хизмат қилади.

Ноқонуний Ҳаж учун жазо чоралари

14 апрель куни Саудия Арабистони Ички ишлар вазирлиги тегишли рухсатномасиз Ҳаж амалларини бажарувчи шахслар ва уларга кўмаклашганларга нисбатан жазо чораларини эълон қилди.

Ушбу жазо чоралари 18 апрелдан бошлаб, 31 май – Ҳаж-2026 мавсуми якунлагунига қадар қўлланилади:

1. Рухсатномасиз Ҳаж қилиш: Ҳаж рухсатномасисиз Ҳаж амалларини бажараётган ёки бажаришга уринаётган шахсларга тақрибан 5300 доллар (20 минг Саудия рияли) миқдорида жарима солинади. Ушбу жазо 18 апрелдан Макка шаҳри ва муқаддас қадамжоларга кирган, киришга уринган ёки у ерда қолган барча турдаги ташриф визалари эгаларига қўлланилади.

2. Ноқонуний зиёратчиларга кўмаклашиш: Рухсатномасиз Ҳаж қилган ёки бунга уринган, Макка шаҳрида қолган шахслар учун ташриф визасига мурожаат қилган шахсларга тақрибан 26 минг доллар (100 минг SAR) миқдорида жарима қўлланилади. Жарима миқдори ҳар бир қоидабузар учун кўпайтириб ҳисобланади.

Фото: Al-Jazeera

3. Белгиланган муддатда ташриф визаси эгаларини Макка шаҳри ва муқаддас қадамжоларга ташиган ёки ташишга уринганларга, шунингдек, уларни меҳмонхона, турар жой ёки бошқа биноларда яширинча сақлаганларга ҳам 26 минг доллар (100 минг SAR) жарима солинади.

4. Ноқонуний ташриф буюрувчиларнинг яширган ёки уларнинг Маккада қолишига кўмаклашганларга ҳам худди шундай жазо берилади. Жарима ҳар бир яширилган шахс учун алоҳида ҳисобланади.

5. Депортация ва кириш тақиқи: Рухсатномасиз Ҳаж қилиш учун Маккага яширинча кирганлар ўз мамлакатларига депортация қилинади ва Саудия Арабистонига киришлари 10 йил муддатга тақиқланади.

6. Шунингдек, ташриф визаси эгаларини Маккадаги ноқонуний зиёратчиларга кўмаклашган транспорт воситалари, агар у ташувчи тегишли бўлса мусодара қилиш учун судга юборилади.

Саудия ички ишлар вазирлигининг маълум қилишича, жазо чораси қўлланилган ҳар қандай шахс қарор бўйича 30 кун ичида ваколатли қўмитага эътироз билдириш ёки 60 кун ичида Маъмурий судга апелляция бериш ҳуқуқи эга.

Ўтган йили Қироллик расмийлари «Рухсатсиз ҳажга йўл қўймаслик» кампанияси доирасида Ҳаж қоидаларини бузган 75 мингдан ортиқ киши ҳибсга олинганини маълум қилганди.

Каъбада таъмирлаш ишлари

Жорий йил Рамазон ойи тугагач Каъбаи мукаррамани Ҳаж мавсумига тайёрлаш мақсадида режали техник хизмат ва таъмирлаш ишлари бошланди. Ушбу ишлар доирасида:

- Каъбанинг металл қисмлари, ғишт ва бурчаклари текширилиб, тозаланади;

- Каъба кисваси (ёпинчиғи) текширилиб, мустаҳкамланади;

- Каъба пойдевори қисми ҳам тозалаб, таъмирланмоқда.

Фото: Haramain Info

Икки Ҳарам Диний ишлар бошқармаси раиси шайх Абдулраҳмон ас-Судайс Каъбатуллоҳда олиб бориладиган мунтазам техник хизмат кўрсатиш ишларига изоҳ бериб, бу Байтуллоҳга бўлган юксак эҳтиром ва унинг дахлсизлигини асраб-авайлашнинг кўриниши эканини таъкидлади.

«Бундай ҳаракатлар ушбу муқаддас маскан муқаддаслигини сақлашга ҳамда зиёратчилар учун хавфсиз муҳит яратишга хизмат қилади», деди Ас-Судайс.

Фото: Haramain Info

Айтиш жоиз, бу – Каъбанинг кисвасини алмаштириш жараёни эмас. 2022 йилдан бошлаб, Саудия ҳукумати қарорига кўра, кисва Муҳаррам ойининг биринчи куни — янги ҳижрий йилнинг илк кунида алмаштириладиган бўлган. Бу Ҳаж тугаганидан кейин, тахминан 15-16 июнь кунларига тўғри келади.

Ўзбекистонда ҳам Ҳажга тайёргарлик бошланган

Ўзбекистонда Умрадан фарқли ўлароқ Ҳаж зиёрати тўлиқ давлат назоратида қолган. Хусусан, Ўзбекистонга ажратилган 15 минглик Ҳаж квотаси Мусулмонлар идораси ва Дин ишлари бўйича қўмита томонидан амалга оширилади.

Хусусан, жорий йил 13 апрель куни Ўзбекистон мусулмонлари идорасида муфтий раислигида Ҳаж мавсумида ҳожиларга бошчилик қилувчи гуруҳ раҳбарларининг йиғилиши бўлиб ўтди.

Фото: Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Маълум қилинишича, йиғилишда «300 нафардан зиёд элликбоши саралаб олингани, ўқув-семинар машғулотлари ўтказилгани, зиёратчилар билан учрашувларда эътибор қилиниши зарур бўлган масалаларга» эътибор қилинган.

Шунингдек, диний идора ўзбекистонликларга Ҳаж сафарига боришда фирибгарларга алданиб қолмаслик бўйича тавсиялар бериб келмоқда.

Маълумот учун, 2025 йил ноябрь ойида Дин ишлари бўйича қўмита Ўзбекистон фуқаролари энди Ҳаж ва Умрага онлайн рўйхатдан ўтиши мумкинлигини эълон қилганди. Унга кўра, электрон навбатга рўйхатдан ўтиш икки усулда амалга оширилади — Ягона интерактив давлат хизматлари портали ва www.haj-umra.gov.uz сайти орқали.

Фаррух Абсаттаров
Тайёрлаган Фаррух Абсаттаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид