Ўзбекистон | 21:49 / 27.02.2021
23209
3 дақиқада ўқилади

«Халқ сайлашга тайёр, сайлашга рухсат берадиганлар тайёр эмас» – Кушербаев ҳокимларни сайлаш ҳақида

Фото: Kun.uz

Депутат Расул Кушербаевнинг фикрича, Ўзбекистон халқи ҳокимларни сайлов йўли билан танлашга тайёр, бироқ ҳокимларнинг ўзи сайланишга тайёр эмас. Бу ҳақда ЎзЛиДеП фракцияси аъзоси бўлган Кушербаев «Yangiyo’lliklar TV» YouTube каналига берган интервьюсида айтди.

Лойиҳанинг биринчи сонида қатнашган Расул Кушербаевга Ўзбекистон халқи ҳокимларни сайлов йўли билан танлашга тайёр ёки тайёр эмаслиги ҳақида савол берилди.

«Ким айтди тайёр эмас деб? Тўғрисини айтсам, мен халқ ҳокимларни сайлов йўли билан танлашга тайёр эмас, деган фикрдан йироқман. Мен ҳокимлар сайлов йўли билан сайланишга тайёр эмас, деб ҳисоблайман. Улар сайлов йўли билан қўйса, мен ўтолмай қолсам керак, менга ким овоз беради, деб қўрқишади. Бу ишонч йўқотилганидан далолат. Аслида халқимиз тайёр эмас, деган гапни айтаётганнинг ўзи қўрқади, ўзи бу нарсага тайёр эмас. Мен шундай деб ўйлайман», деди Кушербаев.

Депутат Кушербаев бу саволга жавоб берар экан Ўзбекистон халқи ўз фикрини билдириш учун етарлича саводли эканини эслатди: «Қанақасига тайёр эмас? Кечириб қўясиз, халқимиз ўқиш-ёзишни билади, фикр айтишни билади, саводсиз эмас. Одам [сайловга] қачон тайёр бўлмайди? Қачонки жунглида ҳайвонлар орасида яшаган бўлса, ёввойи бўлса, сайлов нима, одам нима, тушунмайдиган бўлса. Мен одамлар тайёр эмас, деган фикрга қўшилмайман. Халқ тайёр, фақат шунга рухсат берадиганлар тайёр эмас. Уларда қўрқув бўлиши мумкин. Яъни, улар хоҳлаган одамни одамлар сайламаслиги мумкин», дейди депутат.

Расул Кушербаев бу борада маҳалла сайловларида кузатган ҳолатларидан мисол келтирди: «Масалан, маҳалла сайловларида ҳам кузатаман: ҳокимлик кимнингдир сайланишини хоҳлайди, икки-учта номзод қўяди, кучлиларни баъзида чиқариб юборади, чунки эртага у менинг жонимга тегади, қийнайди», деб ўйлайди. Мен бир неча жойда «Йўқ шуни қўямиз», дейишганини кўрганман.

Шундай жойлар ҳам бўлганки, ҳоким умуман бошқа одам ўтишини хоҳлаган, лекин одамлар уни хоҳламай, бошқа одамни сайлаган. Мана шу ерда назоратни қўлдан чиқариб қўйган. Қанақасига? Депутатлик сайловларида ҳам шунақа, мен кўрганман нечтасини. Мисол учун, одамлар ўзлари сайлашган қанча одамни, ҳеч кимнинг таъсирисиз. Лекин, бировларнинг хоҳиши билан ўтганлар ҳам бор. Қўрқадими, дейди. Қўрқади эмас, баъзан гапиришга уялади», деди Расул Кушербаев.

Аввалроқ, Расул Кушербаев мактаблар рейтинги олий таълим муассасасига ўқишга кирган ўқувчилар сонига кўра тоифаланишига, олий таълим муассасаларига кира олмаган ўқувчилар сабабли мактаб директорлари ишдан олинишига ўз муносабатини билдирганди.

Мавзуга оид