Жамият | 21:33
855
5 дақиқада ўқилади

“Бизни тинч қўйишса, кўпроқ ҳосил оламиз” – Когонлик фермер ўзи ва ҳамкасблари қандай шароитда ишлаётгани ҳақида

Когонлик фермер ўз мисолида соҳадаги муаммоларни очиқлади: ҳокимлик ва бошқа идораларнинг ишига аралашуви, босимлар, молиявий қийинчиликлар, соҳани бўғаётган бошқа иллатлар ҳақида гапирди. Норжон Ҳодиева дардини айта олмаётган кўплаб ҳамкасблари номидан сўз юритиб, ислоҳотлар маҳаллий ҳокимият тузилмаларига етиб бормаётгани, оқибатда фермерлар омон қолиш учун доимий кураш ҳолатида эканини айтмоқда.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

Мен гапиряпман, чунки кўпчилик эркак фермерлар буларни айта олмайди. Улар қарзга ботиб, ботқоққа ботиб кетяпти”, деб таъкидлади қарийб 18 йилдан бери ишлаб келаётган “Беҳруз Феруз замини” фермер хўжалиги раҳбари Норжон Ҳодиева. “Бу босимлар фермерлар оёққа туриб олишига йўл қўймаслик учун атайлаб қилинади, маҳаллий идораларнинг ўзаро тил бириктириши оқибатида фермерлар яккаланиб, ҳимоясиз қолмоқда. Улар учун фермернинг режаси тўлмаслиги керак, ботқоққа ботиши керак. Бу ишлар кўпинча фермерларнинг банкрот бўлишига олиб келади. Фермер додини кимга айтсин? Худога айтади-ю, ўтиради, бошқа иложи йўқ. Ёки охири банкрот бўлиб, соҳадан чиқиб кетиши керак”, – дейди у.

Молиявий мустақиллик ва банклар билан боғлиқ муаммолар

Фермер ҳикоясининг марказий мавзуларидан бири — молиявий муаммолар, айниқса, фаолият учун ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлган қишлоқ хўжалиги кредитлари масаласи.

Банк мени бошқармасин, оладиган пулимни ўзим тасарруф қилай”, — дейди Норжон Ҳодиева.

Фермер аёл, агар молиявий эркинлик берилса, деҳқонлар ҳосилдорликни кескин ошириши мумкинлигига ишонч билдирар экан, аграр соҳадаги ишлатилмаётган улкан салоҳиятга эътибор қаратди.

Бизга ҳам бошқа давлатлардагидек пулимизни ўз ихтиёримизга берсин. 1 миллиард сўм кредит олсам, ўша 1 миллиардни тўлиқ қўлимга топширсин. Ана ўшанда мен пахта режасини 200 фоиз қилиб бажариб бераман. Амалда кредитлар атайлаб кечиктирилиб, энг зарур агротехник тадбирларни ўтказиш имконсиз бўлиб қолганда ажратилади. Бу эса, ўз навбатида, ҳосилнинг нобуд бўлишига олиб келади”, — дейди фермер.

Поезд ўтиб кетгандан кейин пул беради банк! Дорини ўз вақтида сепиш, агротехник тадбирларни ўз вақтида бажариш керак, лекин улар пулни бермайди. Маблағларни олиш жараёни фермерлар учун ҳақоратли тус олган, халқ ризқи бўлган ерни ҳайдаш учун керакли сармояни сўраб, ёлворишга мажбурмиз. Банкка камера ўрнатсангиз, фермерларнинг ялиниб ўтирганини кўрасиз. Ахир у ўз томорқаси ёки рўзғори учун ишлаётгани йўқ, бу — халқнинг ризқи! Бер пулни, номард!”, — дейди у.

Президент қарорлари ва жойлардаги ижро ўртасидаги тафовут

Президентимиз томонидан чиқарилаётган қарорлар жуда яхши, фермерларга ажойиб имкониятлар яратиб бериляпти. Аммо бу имкониятлар тумандаги фермерларга етиб келмаяпти. Амалдорлар қарорларни оғизда маъқуллайди, “хўп-хўп” дейди, лекин амалда ҳеч нарса йўқ. Улар Президентимиз қарорларини менсимайди. Маҳаллий ҳокимият вакиллари “қонун менинг қўлимда” деб, захирадаги ерларга ноқонуний экин экиб, шахсий манфаат кўриш каби коррупцион ҳаракатларга қўл уради. “Қонун менинг қўлимда” деб, хоҳлаган ишини қилади улар”, — деди фермер аёл.

“Захирадаги ерларни хоҳлаганча экиб, фойдаланиб юришибди. Агар сунъий йўлдош орқали текширилса, кимга неча гектар пахта тегишли экани, ўша ерга ким бориб-келаётгани, кимнинг одами ишлаётгани — ҳаммаси аён бўлади”, — дея урғу берди фермер.

Шахсий машаққатлар ва юқори идораларга мурожаат

Фермер аёл маҳаллий ҳокимиятнинг ноқонуний ҳаракатлари оқибатида ноҳақ қамалганини ва жисмоний зўравонликка учраганини гапиради.

Мен террористманми ёки наркобаронманми? Оддий фермер аёл бўлсам. Оилам билан ипак қурти боқаман, мол боқаман, пахта ерида ишлайман. Шундай бўлса ҳам, мени қаматишди. Фарзандимни ҳам, ўзимни ҳам дўппослашди. Агар сўраб-суриштирсангиз, ўғлим тўппа-тузук, соғлом йигит эди. Мана, ҳозирги кунга келиб ҳам даволаниб юрибди”, — дейди у.

Маҳаллий даражада адолатга эришиб бўлмаслигини ҳис қилган аёл, барча зарур далилларни тақдим этишга тайёрлигини айтиб, республика идораларидан текшириш ўтказишни сўрайди.

Агар республика миқёсида текширув ўтказилса, мен ҳамма ҳужжатларимни тақдим этишга тайёрман”, — деди сўнгда Норжон Ҳодиева.

Шокир Шарипов тайёрлади

Муаллиф:  Шокир Шарипов

Мавзуга оид