Жамият | 14:33 / 29.11.2019
21715
6 дақиқада ўқилади

Уйи бузилган зангиоталиклар нимадан норози бўлишди?

 «Қушнинг ҳам уяси бузилмасин», дейди халқимиз. Уйи бузилган қуш чирқираб дунёларни бузади. Қуш-ку, қуш, одамнинг уйи бузилса-чи? Қаҳратон қишда кўчада қолган одамлар додини кимга айтсин?

 Kun.uz таҳририятига Тошкент вилояти Зангиота тумани Эшонгузар қўрғонида яшаган, айни пайтда уйлари бузилган бир гуруҳ фуқаролар мурожаат қилиб, уйлари бузилишидан олдин мутасаддилар томонидан айтилган ваъдалар бажарилмаётганидан шикоят қилишди. Kun.uz мазкур мурожаат юзасидан журналистик суриштирув ўтказди.

 Маълум бўлишича, 2019 йилнинг май ойида Зангиота туманининг Эшонгузар қўрғони, «Ойбек» маҳалласида жойлашган Абдулла Набиев 1-тор кўчасида яшовчи фуқаролар ушбу ҳудуддаги 11та уй ва бошқа нотураржойлар бузилиши, уларнинг ўрнига туман бош режасига асосан кўп қаватли тураржойлар ҳамда инфратузилма объектлари қурилиши режалаштирилгани ҳақида огоҳлантирилишган.

 «Туман ҳокимлигидан уйларинг 3 кун ичида бузилади деб хат тарқатиб кетишди. Ҳаммамиз нима қилишимизни билмай бақа бўлиб қолдик. Уйларимизни-ку топширдик, лекин берилган компенсация пулига худди ўшандай иморат қуриб олишимизга кўзим етмаяпти. Қурилиш материаллари, уста ҳақи ошиб кетди», дейди 74 яшар Қосим Раҳматов.

 «Уйларимиз бузилмаганда ва бозор нархида бошқаларга сотганимизда анча қимматга сотган бўлардик. Чунки иморатларимиз янги эди. Ҳокимият эса энг кўпи билан 500 миллион сўмгача товон пули берди. Аммо бу пул қурилиш қилишга етмаяпти», дейди Ботир Ғофуров.

 «Келинларимни невараларим билан бирга отасининг уйига жўнатворганмиз. Биттаси Ибн Синога, иккинчиси Камолонда туради. Ҳар куни ўша ердан невараларим боғчасига, мактабига қатнашяпти. Ҳар бирининг йўлкирасига 15-20 минг сўм кетяпти. Нимаям қилардик бошқа. Ўзим икки нафар ўғлим ва усталар билан ҳали қурилиши битмаган уйдаги бир хонада вақтинча яшаб турибмиз. Шароитлар йўқ. Изғиринда электр иситгич билан жон сақлаяпмиз», дейди уйи бузилган фуқаролардан бири Абдумажид Абдуллаев.

 Фуқароларнинг айтишича, уларга уй қуришлари учун туман ҳокимининг қарори билан ажратилган ерда ичимлик суви йўқ, Ваҳоланки, улар бу ерга кўчирилаётганда туман ҳокимлиги мутасаддилари аҳолини ичимлик суви билан таъминлаш, то янги уй қурилгунигача ҳар ой бир миллиондан, олдиндан олти ой учун олти миллион сўм квартира пули берилиши, қурилиш бўлаётган ҳудуддаги йўлларга шағал тўкиб берилиши ваъда қилинган. Бироқ бу ваъдалар бажарилмай қолган.

 Қолаверса, қурилиш кетаётган ҳудуд илгари экин майдони бўлгани боис ёғин-сочин мавсуми бошланганидан сўнг бу ерга оғир юк машиналари келиши имконсиз бўлиб қолган. Йўлларга шағал тўкилмагани учун юк машиналари бир неча марта ботиб қолган.

 Kun.uz ижодий гуруҳи масалани жойига чиқиб ўргангач, мурожаат муаллифлари билан биргаликда Зангиота тумани ҳокимлигига йўл олди. Мурожаатчиларни туман ҳокими Абдуваҳоб Тамикаев шахсан қабул қилиб, уларнинг арзини тинглади ҳамда шу жойнинг ўзида одамларни қийнаётган масалаларни ҳал қилиш бўйича мутасаддиларга топшириқлар берди.

 Туман ҳокимининг аралашуви билан шу куннинг ўзида 11та хонадонга олти ойлик «квартира пули» – 66 млн сўм бирйўла тўлаб берилди. Электр тармоғидаги узилишлар мутахассислар иштирокида муҳокама қилиниб, сабаблари тушунтирилди ва бундан кейин бундай муаммо юзага келишининг олди олинишига келишилди.

 Туман ҳокими бугуннинг ўзида қурилиш бўлаётган ҳудуддаги йўлларга тўкиш учун 10 машина шағал ажратиш бўйича топшириқ берди. Туман ҳокимининг саноатни ривожлантириш, капитал қурилиш, коммуникациялар ва коммунал хўжалик масалалари бўйича ўринбосари Дилмурод Муҳамедовнинг Kun.uz’га телефон орқали маълум қилишича, ваъда қилинган шағал юк машиналари яна ботиб қолмаслиги учун эрталаб йўллар музлаб турган вақтда етказиб берилиши ҳақида мурожаатчилар билан келишилган.

 Дилмурод Муҳамедов
Зангиота тумани ҳокимининг саноатни ривожлантириш, капитал қурилиш, коммуникациялар ва
коммунал хўжалик масалалари бўйича ўринбосари

 Бундан ташқари, уйи бузилган фуқароларнинг илтимосига кўра, қурилиш бўлаётган иморатлар ҳали ўраб олинмагани, бунинг оқибатида турли буюмлар йўқолаётгани инобатга олиниб, аҳолига то уйларини қуриб олгунларига қадар нарсаларини сақлаб туриш учун иккита контейнер ажратилди.

 Ҳоким билан учрашувда фақатгина бир масала очиқ қолди. Гап шундаки, туман ҳокимининг саноатни ривожлантириш, капитал қурилиш, коммуникациялар ва коммунал хўжалик масалалари бўйича собиқ ўринбосари Аваз Мавлонов томонидан бузилган уйлар ўрнида қурилаётган кўп қаватли уйлардан уйи бузилган фуқаролар учун уй бошига биттадан квартира берилишини ваъда қилган, унинг тавсияси асосида маҳалладошлар Халқ банкига бориб, бошланғич бадал сифатида 17,5 млн сўмни омонатга қўйишган.

Туман ҳокимининг маълум қилишича, айни пайтда Зангиотада 150 нафардан ортиқ фуқаро уй-жойга муҳтож сифатида рўйхатга олинган бўлиб, қурилаётган уйлар Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 9 февралдаги 103-сонли қарорига асосан энг аввал ана шу фуқароларга берилади. Ушбу қарорга мувофиқ бузилган уйлар ўрнида қурилаётган кўп қаватли уйлардан квартира ажратиш масаласини туман ҳокимлиги ҳузуридаги талабгорларни танлаш комиссияси ҳал қилади.

 Мурожаатчиларни қийнаб келаётган масалалар тезкорлик билан ҳал этилгани таҳсинга сазовор, албатта. Бироқ мутасаддилар зиммасидаги вазифаларига масъулият билан ёндашиб, бурчларини ўз вақтида адо этишганида одамлар бунчалик қийналмаган, нажот истаб таҳририятга келмаган бўлишарди. Умид қиламизки, масъуллар бундан тўғри хулоса чиқаришади. Kun.uz воқеалар ривожини кузатишда давом этади.

 Жамшид Ниёзов

Мавзуга оид