Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Мактабларга синф журналлари ҳалигача етказиб берилмади. Ўқитувчи яна сарсон
Фото: KUN.UZ
Жорий йил ўқув мавсуми бошиданоқ умумий ўрта таълим мактаб синфлари учун синф журналлари етказиб берилмаяпти. Бу ҳақда турли ҳудудларда фаолият юритувчи мактаб ўқитувчилари Kun.uz'га маълум қилган.
Таъкидланишича, Халқ таълими вазирлиги томонидан маҳаллий бошқармаларга мактабларнинг I-IV, V-IX, X-XI синфлари учун вақтинчалик синф журналлари намунаси юборилган. Вазир Шерзод Шерматов имзоси билан тасдиқланган буйруққа кўра, синф журналлари нашр этилиб, белгиланган тартибда етказиб берилгунга қадар умумий ўрта таълим мактабларида вақтинчалик синф журналининг намунасидан фойдаланиш тавсия этилади.
Буйруқда яна икки гап аниқ таъкидланган: журнал муҳрланган ҳолда юритилиши назоратга олинади ва мазкур ишларни амалга оширишда ота-оналардан пул йиғиш каби коррупцион ҳолатларга йўл қўйилмайди. Унда журнал осмондан тушадими ё ердан ўсиб чиқадими? Ҳа, уни 2018 йил сентябрдан эътиборан оширилган маошидан масрур юрган ўқитувчилар тайёрлайди. Чўнтагидан, маошидан.
«Ҳар йили 10 кун, узоғи билан 15 кунда журнал берилган. Шунгача вақтинча журнал тайёрлаб, шуни юритганмиз. Асл журнал тарқатилгач, ҳаммасини кўчирардик. Бу йил сал бошқача бўлди: аввалига, вақтинча журнал, кейин 1 ой учун тайёрлаш айтилди, сўнгра йил давомида журнал бўлмайди, деган гап тарқалди. Мана энди вазирнинг буйруғи чиқибди.
Маошимиз оширилган, ҳеч ким ишидан айрилишни истамайди, лекин шусиз ҳам зўрға кун кечираётган ўқитувчилар тақдирга тан бериб ишлашда давом этяпмиз», дейди тошкентлик ўқитувчилардан бири.
Бирдан «уддабурон тадбиркорлар» пайдо бўлиб, синф журналини тайёрлаб бериш хизмати кўпайди. Масалан, йиллик ўқув режасига мос журнални тайёрлаш 100 минг сўмдан кам эмас. Айрим вилоят марказларида эса типография хизмати орқали босиб чиқарилган журналлар нисбатан камхарж бўлиб чиқди.
Масалага ойдинлик киритиш мақсадида, Халқ таълими вазирлиги матбуот хизмати билан боғландик. Масъул ходимнинг таъкидлашича, вазирлик синф журналини сотиб олиш учун тендер эълон қилиш талаб этилади.
«Тендер маълум бир вақт харидлар сайтида туриши лозим. Тендер асосида журнал етказиб берувчи ташкилот белгиланади», дейди вазирлик вакили.
Маълум қилинишича, тендер жараёни ҳанузгача давом этмоқда ва шу вақт оралиғида вақтинчалик журналлар шакллари маҳаллий бошқармаларга етказиб берилган. Албатта, вақтинчалик журнал қайси маблағ ҳисобидан ва ким чоп этиши ҳақида аниқ маълумот мавжуд эмас. Шунга қарамай, бошқа савол пайдо бўлади: нега тендер ўқув мавсуми бошланганига қарамай, ҳалигача давом этмоқда?
Ўзбекистон Республикаси «Давлат харидлари тўғрисида»ги қонунга кўра, тендер ўтказилиши тўғрисидаги эълон тендер иштирокчиларидан таклифларни қабул қилиш муддати тугайдиган санадан камида ўттиз кун олдин ва кўпи билан қирқ беш кун олдин махсус ахборот порталига давлат буюртмачиси томонидан жойлаштирилади.
Шунингдек, 27 сентябрь куни «Ўзбекистон Республикасининг «Давлат харидлари тўғрисида»ги Қонунини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Президент қарори эълон қилинди. Қарор билан давлат харидлари синфига киритилмайдиган бир қатор муҳим харидлар санаб ўтилган. Гарчи, қарор бандларида назарда тутилган топшириқлар Халқ таълими вазирлигининг синф журналини сотиб олиш бўйича эълон қилган тендерига таъсир этмаса-да, аслида «Давлат харидлари тўғрисида»ги қонун ҳар томонлама пухта ишлаб чиқилган ҳужжат эмаслигини кўрсатиб қўйди.
Маълумотга кўра, энг кам ўртача номинал иш ҳақи эса соғлиқни сақлаш ва ижтимоий соҳа ходимларида ҳисобланган. Уларнинг ўртача номинал иш ҳақи 1 млн 85 минг сўмга тенг бўлган. Таълим соҳасида ишлаётганлар ҳам бошқа соҳа вакилларига нисбатан камроқ маош олишлари маълум бўлди. Уларнинг ўртача номинал иш ҳақи 1 млн 300 минг сўмга яқин. Фақат шу йил янги ўқув мавсумидан бошлаб, ўқитувчи ва мураббийларнинг ойлик маоши оширилганди.
Бундан ташқари, тендер якунига етгач, мактабларга журнал етказиб бериладими, бу қачон юз беради? Шу каби саволларга ҳам жавоб йўқ. Агар журнал тарқатилса, вақтинчалик қайдлар янги тарқатилган синф журналига қайта ёзилиши айрим ўқитувчилар учун вақтни беҳуда сарфлаш билан баробар.
Мавзуга оид
19:00 / 17.02.2026
Хоразмда янги таълим маркази: Осиё халқаро университети талабаларга қандай имкониятлар тақдим этади?
18:25 / 17.02.2026
Таълимни ривожлантириш республика илмий-методик марказига янги раҳбар тайинланди
20:24 / 16.02.2026
Ҳилола Умарова ПА ўринбосари лавозимидан кетди
12:36 / 13.02.2026