Жаҳон | 16:03 / 16.11.2025
6510
4 дақиқада ўқилади

Мексикада шаҳар мэри ўлдирилиши ортидан йирик намойиш бошланди

Тўқнашувлар оқибатида ўнлаб кишилар жабрланган.

Фото: Reuters

Полиция маълумотларига кўра, Мексика пойтахти Мехико шаҳрида ҳукуматга қарши намойишлар чоғидаги тўқнашувлар чоғида камида 120 киши жароҳатланган, улардан 100 нафари полиция ходимларидир.

Шанба куни минглаб намойишчилар зўравонлик жиноятлари ҳамда президент Клаудия Шейнбаумнинг сиёсатига қарши норозилик билдириб, Мексика пойтахти бўйлаб юриш қилди.

Давлат раҳбари мамлакатнинг бошқа шаҳарларида ҳам бўлиб ўтган маршлар унинг ҳукуматига қарши бўлган ўнг сиёсатчилар томонидан молиялаштирилганини айтди.

Пойтахтдаги митинг «Z авлод» деб ном олган ёшлар томонидан уюштирилган ҳамда бошқа норози фуқаролар, жумладан, яқинда картелларга қарши қатъий чоралар кўришга чақирган Уруапан шаҳри мэри Карлос Мансонинг ўлдирилишига қарши норозилик билдирган фуқаролар томонидан қўллаб-қувватланган.

Намойишчилар Шейнбаум яшайдиган Миллий саройни ҳимоя қилувчи тўсиқнинг бир қисмини бузиб ташлаган. Комплексни қўриқлаётган полиция йиғилганларга қарши кўздан ёш оқизувчи газ қўллаган.

Расмийлар талончилик ва ҳужум каби ҳуқуқбузарликлар учун 20 кишини ҳибсга олди, деди журналистларга Мехико хавфсизлик хизмати раҳбари Пабло Васкес.

Намойишчилар «Биз барчамиз Карлос Мансомиз» деб ёзилган плакатларни кўтаришган, бошқалар эса унга ҳурмат белгиси сифатида ковбой шляпаларини кийиб олишган.

Намойишчилар Шейнбаум яшайдиган Миллий саройни ўраб турувчи тўсиқнинг бир қисмини бузиб ташлади.

Мансо 1 ноябр куни Ўликлар куни фестивалига борганида отиб ўлдирилган.

Уруапаннинг ўлдирилган мэри Карлос Мансо очиқчасига Мексикани ўнлаб йиллар давомида даҳшатга солиб келаётган наркокартелларга қарши қатъий курашишга чақирди. Фото: Getty Images

У ўз шаҳридаги наркосавдогарлар тўдалари ва картелларнинг зўравонлиги ҳақида очиқ гапириши билан танилганди. У мамлакатга даҳшат солаётган қуролланган картел аъзоларига қарши қатъий чоралар кўришни талаб қилиб келарди.

Шейнбаум картелларга қарши чоралар кўради, аммо гиёҳванд моддаларга қарши янги тотал уруш бошлаш бўйича чақириқларга қўшилмайди.

Маршдан бир неча кун олдин президент намойиш ҳақидаги хабарлар интернетда ботлар томонидан тарқатилаётгани ва тарғиб қилинаётганини айтганди.

«Агар ёшларнинг талаблари бўлса, биз сўз эркинлиги ва намойишлар эркинлигига розимиз, лекин бу ерда гап намойишни ким тарғиб қилишида», деганди у.

«Одамлар ҳеч ким бошқалар қўлида қўғирчоқ бўлмаслиги учун бу намойиш қандай ташкил этилганини билишлари керак», дея қўшимча қилганди Шейнбаум.

Президент ўз лавозимининг биринчи йилида 70 фоиздан юқори рейтингни сақлаб қолди ва АҚШ президенти Доналд Трампнинг асосий талаби бўлган фентанил савдосига қарши курашда муваффақиятга эришди.

Бироқ, у мамлакатни қамраб олган зўравонликни тўхтата олмагани учун танқид қилинмоқда ва қўшни давлатлар томонидан ўсиб бораётган адоватга дуч келмоқда.

Шу ой бошида Перу конгресси Шейнбаумни персона нон грата деб эълон қилганди.

Бу қарор Мексика ҳукумати Перунинг 2022 йилда давлат тўнтаришига уринишда айбланган собиқ бош вазирига бошпана бериши ортидан Перу Мексика билан дипломатик алоқаларни узиши билан бирга қабул қилинди.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид