Ўзбекистон | 17:30 / 19.02.2022
23218
2 дақиқада ўқилади

Навоийда эскалатордан йиқилган боланинг саломатлиги вазирлик назоратида - ССВ

Ижтимоий тармоқларда Навоий шаҳридаги “Янги ҳаёт” савдо мажмуасида бобо ва набира эскалатордан қулаб тушгани акс этган видеолавҳа тарқалди.

Фото: ССВ

Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати хабарига кўра, ҳодиса 18 февраль куни соат тахминан 20:30 да содир бўлган. Улар мажмуанинг 5- ва 4-қаватлари оралиғидаги эскалаторда мувозанатини йўқотиб, 1-қаватга йиқилган

1969 йилда туғилган фуқаро Ш.Т. воқеа жойида вафот этган. Тан жароҳати олган 3 ёшли набира А.Т. эса зудлик билан вилоят кўп тармоқли болалар тиббиёт марказига ётқизилган.

Шундан сўнг унда стандарт бўйича неврологик, ультратовуш ва бош мия МСКТси каби қатор текширувлар амалга оширилган. 

Бемор А.Т.га "Қўшма жароҳат. Бош мия ёпиқ жароҳати. Бош мия лат ейиши. Ўрта оғир даражаси. Пешона соҳаси юмшоқ тўқималари лат ейиши. Ўнг томонлама чаноқ суяклари синиб силжиши. Ўнг ўпка лат ейиши. Чап сон пастки учлиги юмшоқ тўқималари лат ейиши" дастлабки ташхиси қўйилган. 

“Соғлиқни сақлаш вазирлиги унинг ҳолатини назоратга олган. Тиббиёт ходимлари стабил оғир аҳволдаги беморнинг ҳаётини сақлаб қолиш учун курашмоқда. Унга стандарт асосида тегишли тиббий ёрдам кўрсатиляпти”, дейилади маълумотда.

Мавзуга оид