Ўзбекистон | 10:51 / 07.04.2021
4893
3 дақиқада ўқилади

Ҳисоб палатаси ўтган йил давомида 671 млрд сўмлик ноқонуний харажатлар ва ўзлаштиришларни аниқлади

2021 йил 6 апрел куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси видеокоференцалоқа шаклида бўлиб ўтди. Унда депутатлар Ҳисоб палатасининг 2020 йилги фаолияти тўғрисидаги ҳисоботини кўриб чиқдилар.

Давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетлари ҳисобидан ажратилган маблағлар сарфланиши юзасидан 2020 йилда ўтказилган назорат тадбирлари натижасида жами 671,3 млрд сўмлик ноқонуний харажатлар, камомад ва ўзлаштиришлар ҳамда самарасиз харажатлар, 1 трлн сўмдан ортиқ харажатларни оптималлаштириш имкониятлари аниқланган.

Президент фармонига асосан ташкил этилган Инқирозга қарши курашиш жамғармасидан ажратилган маблағлар сарфланиши устидан Молия вазирлиги билан ҳамкорликда назорат ўрнатилиб, аниқланган 23,8 млрд сўмлик камомад ва ноқонуний харажатлар ҳамда ортиқча молиялаштирилган 8,4 млрд сўм маблағлар жамғармага қайтарилган.

Бундан ташқари, амалга оширилган ўрганиш ва таҳлиллар натижасида жами 801,5 млрд сўмлик қўшимча даромад манбалари мавжудлиги аниқланиб, шундан 233,5 млрд сўмининг ундирилиши таъминланган ва қолган қисмларини ундириш чоралари белгиланган.

Таъкидланганидек, коронавирус пандемияси даврида Давлат бюджети барқарорлиги ва биринчи навбатдаги тадбирларнинг ўз вақтида молиялаштирилишини таъминлашга қаратилган президент қарори ижроси юзасидан Давлат солиқ қўмитаси, Молия вазирлиги ва Давлат активларини бошқариш агентлиги билан ҳамкорликда уставида давлат улуши бўлган корхоналарнинг 2019 йилда олинган фойдасидан Давлат бюджетига 4,8 трлн сўм дивидендлар ўтказилиши ҳисоб-китоб қилиниб, уларнинг тегишли бюджетларга жалб қилиниши таъминланган.

Шунингдек, Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 16 апрелдаги қарорида белгиланган тартиб ва меъёрлардан келиб чиққан ҳолда вазирлик ва идораларнинг 27 456та махсус ҳисобрақамларидаги қолдиқ маблағларнинг бир қисмини давлат бюджетига ўтказиш имкониятлари таҳлил қилиниб, уларнинг 382 млрд сўми бюджетга ўтказилишида назорат-таҳлил ишлари олиб борилган.

Халқ таълими вазирлиги муассасаларида 192,2 млрд сўмлик молиявий хато, камчиликлар ва ўзлаштиришлар аниқланганига, жумладан, халқ таълими соҳасидаги ислоҳотларга кўмаклашиш жамғармаси маблағларидан 21 млрд сўмлик самарасиз харажатларга йўл қўйилганига алоҳида эътибор берилди. Мисол тариқасида, Беруний туманида 420 млн сўмга қурилиб фойдаланишга қабул қилингани кўрсатилган 58-мактаб филиалида умуман қурилиш бўлмагани аниқланган.

Муҳокамаларда депутатлар ҳисоботда келтирилган халқаро молия ташкилотлари маблағлари ҳисобидан амалга оширилаётган лойиҳаларда муаммолар мавжудлигига ҳамда уларнинг келиб чиқиш сабабларига ҳам эътибор қаратди. Жумладан, давлат ташқи қарз маблағларини жалб қилган ҳолда 2010-2019 йилларда якунланган умумий қиймати 12,6 млрд АҚШ долларлик 81та лойиҳанинг 24тасида хато ва камчиликлар аниқланган.

Айрим лойиҳалар йиллаб кечиктирилган, шунингдек, лойиҳада кўзда тутилган мақсадлар доимий ўзгартирилган ёки сифатсиз асбоб-ускуна ва жиҳозлар қиммат нархларда сотиб олингани, баъзи лойиҳаларнинг самарадорлик кўрсаткичлари ўта паст даражада ҳамда лойиҳа маблағлари талон-торож қилиниб, ўзлаштирилгани кескин танқидларга сабаб бўлди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид