Ўзбекистон | 12:09 / 25.01.2023
23762
4 дақиқада ўқилади

Вазирлик ва идораларнинг тармоқлаб кетган таркибий бўлинмалари тартибга солинади

Ўндан ортиқ таркибий тузилма шаклларидан (департамент, бош бошқарма, бошқарма, бўлим, шўъба, хизмат, бюро, гуруҳ ва ҳ.к.) фақат 4 таси қолади. Вазирлик ва идораларнинг қисқартма номлари тасдиқланади. Хизмат машинаси таъминоти аутсорсингга ўтказилади. Жамғармаларнинг ижро органлари тугатилади.

Фото: Shutterstock

Президент фармони билан, вазирлик ва идораларнинг ягона рўйхати тасдиқланди.

Ҳукуматга бўйсунадиган мустақил вазирлик ва идоралар сони жами 26 та этиб белгиланмоқда (улар таркибига кирган барча қўмиталар, агентликлар ва инспекциялар билан бирга жами 69 та), шу жумладан:

  • вазирликлар – 21 та;
  • қўмиталар – 12 та, шундан 2 таси мустақил мақомга эга;
  • агентликлар – 25 та, шундан 3 таси мустақил мақомга эга;
  • инспекциялар – 11 та.

Шунингдек, вазирлик ва идораларнинг ўзбек ва рус тилларидаги қисқартма номлари тасдиқланиб, уларни йиғилиш ва видеоселектор баёнлари, хизмат ёзишмалари, таҳлилий материалларда кўрсатиш мумкин бўлади.

Фармонга асосан, вазирлик ва идораларнинг марказий аппаратлари ва ҳудудий бўлинмаларининг тузилмаларини шакллантириш бўйича ягона талаблар тасдиқланмоқда.

Унга кўра, вазирлик ва идораларнинг марказий аппаратларида:

а) таркибий бўлинмалар фақат 4 та шаклдан иборат бўлади (департамент 20+; бошқарма 7-19; бўлим 2-6; мутахассислар 1). Бунда, вазирликлар ҳузуридаги қўмиталар, агентликлар ва инспекцияларда департамент шаклида таркибий тузилма ташкил қилинмайди;

Амалда10 дан зиёд шакллар мавжуд (департамент, бош бошқарма, бошқарма, бўлим, шўъба, хизмат, бюро, гуруҳ ва бошқалар);

б) раҳбар ходимлар (раҳбар, унинг ўринбосарлари ва маслаҳатчилари, ёрдамчиси, департамент, бошқарма, бўлим бошлиқлари ва ўринбосарлари) ва ижрочилар (мутахассислар) нисбати марказий аппарат бўйича камида 1/3 нисбатда (33/67 фоиз) бўлади;

Амалда: Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги марказий аппаратида раҳбар ва ижрочи ходимлар нисбати 44/56 фоизни ёки Энергетика вазирлигида 41/59 фоизни ташкил қилади;

в) вазирларга уларнинг фаолиятини стратегик вазифаларни ҳал этишга йўналтириш, кунлик ишлар бўйича иш юкламасини камайтириш мақсадида улар фаолиятини ҳуқуқий, ташкилий-техник, ахборот-таҳлил жиҳатдан таъминлайдиган вазир котибияти ташкил қилиш ҳуқуқи берилмоқда;

г) стратегик режалаштириш, ахборот хизмати, кадрлар, ахборот-таҳлил, ижро назорати, мурожаатлар, АКТ, юридик таъминлаш, коррупцияга қарши курашиш, молия-иқтисод, халқаро алоқалар, биринчи бўлим таркибий бўлинмалари ташкил этилиши мажбурий этиб белгиланмоқда.

Бунда, стратегик режалаштириш, ахборот хизмати, коррупцияга қарши курашиш ва халқаро алоқалар бўлинмалари фақатгина вазирлик ва мустақил мақомга эга идорада ташкил қилиниб, ушбу йўналишларда улар ягона сиёсатни амалга оширади.

Вазирлик ва идораларнинг ҳудудий бўлинмаларида эса:

а) таркибий бўлинмалар фақат 3 та шаклдан иборат бўлади (бўлим 5+; шўъба 2-4; мутахассислар 1);

б) раҳбар ходимлар (бошқарма, бўлим ҳамда шўъба бошлиқлари ва ўринбосарлари) ва ижрочилар нисбати бўлинма бўйича камида 1/3 нисбатда (33/67 фоиз) бўлади.

Амалда: Маданият вазирлигининг туман (шаҳар) бўлинмаларида раҳбар ва ижрочи ходимлар нисбати 63/37 фоизни ташкил қилмоқда.

Иқтисодиёт ва молия вазирлиги НҲҲ лойиҳасини ишлаб чиқади, унга асосан:

  • юридик мақомга эга жамғармалар ижро этувчи органларининг (дирекциялар, қўмиталар, департаментлар) фаолияти тугатилади, уларнинг функциялари тегишли вазирлик ва идораларга ўтказилади;
  • вазирлик ва идораларда хизмат автотранспортидан фойдаланиш тизими аутсорсинг асосида ташкил этилади.

Мавзуга оид