Жамият | 09:13 / 06.12.2025
12382
1 дақиқада ўқилади

Хизматдаги ЙПХ ходимини видеога олиб, тармоққа жойлаш – маъмурий қамоқ билан тугади

Жиноят ишлари бўйича Шаҳрисабз шаҳар суди ЙПХ инспекторининг хизмат фаолиятини видеога олиб, ижтимоий тармоқларда обрўсизлантирувчи тарзда тарқатган икки фуқарони Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 195-2-моддаси бўйича айбдор деб топди ва уларга маъмурий қамоқ жазоси тайинлади.

Фото: Видеодан кадр

Суднинг 2025 йил 5 декабрдаги қарорига кўра, 1988 йилда Қашқадарё вилоятида туғилган М. М. ҳамда 1999 йилда Қашқадарё вилоятида туғилган Б. Р. Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 195-2-моддасида назарда тутилган — ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимларининг фото ва видеотасвирини уларнинг обрўсизлантирилишига олиб келадиган тарзда бузиб тарқатиш — ҳуқуқбузарлигини содир этганликда айбдор деб топилган.

Текширув ва суд материалларига кўра, М. М. ва Б. Р. жамоат хавфсизлигини таъминлаш бўйича Шаҳрисабз шаҳрида хизмат вазифасини бажараётган йўл-патрул хизмати инспектори Т. Х.ни атрофдагилар олдида обрўсизлантириш мақсадида уни видеотасвирга олиб, мазкур тасвирни ижтимоий тармоқларда тарқатган.

Суд қарорига мувофиқ, М. М.га 10 сутка, Б. Р.га эса 7 сутка муддатга маъмурий қамоқ жазоси қўлланган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид