Жамият | 21:47 / 15.11.2024
12790
3 дақиқада ўқилади

Қотил гиёҳванд бўлган: 3 ёшли болани ўлдирган эркак устидан суд бошланди

Тошкентда ўзи билан яшаб келган аёлнинг 3 ёшли фарзандини ваҳшийларча ўлдирган эркак устидан суд бошланди. Тергов хулосасига кўра, у жиноят вақтида “Регапен”, “Тропикамид” ва “Мефедрон” таъсирида бўлган. Марҳумнинг ота-онаси суддан уни умрбод озодликдан маҳрум этишни сўради.

15 ноябр куни жиноят ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туман судида 3 ёшли болани ваҳшийларча ўлдирган эркакка нисбатан суд иши бошланди. Kun.uz мухбири очиқ суд мажлисини кузатди.

Судланувчи С.М. – 1993 йилда Фарғона вилоятида туғилган, муқаддам судланган, вақтинча ишсиз. У жорий йил 9 июл куни Яшнобод тумани Олмос маҳалласида шаръий никоҳидаги аёлнинг гўдак ўғлини ваҳшийларча ўлдирган.

Айблов хулосасига кўра, С.М. муқаддам кучли таъсир қилувчи моддаларни олиш, сақлаш, ташиш ва ўтказиш жиноятлари учун жазо ўтаб чиққан, лекин қилмишидан тўғри хулоса чиқармай, сурункали равишда кучли таъсир қилувчи ва гиёҳванд воситаларни истеъмол қилиб келган.

Қотил 9 июлга ўтар кечаси “Регапен” ва “Тропикамид” дори воситалари ва “Мефедрон” гиёҳвандлик моддасини истеъмол қилган. Бу моддалар таъсирида ўзи билан бирга яшаб келган, 1994 йилда туғилган аёл Н.Н.ни унинг 2021 йилда туғилган, онасининг бағрига интилган ўғлидан рашк қилган ва болани ухлаётган вақтида ваҳшиёна тарзда (юз қисмидаги тана аъзоларига йиғма пичоқ санчган ҳолда) ўлдирган.

С.М.га нисбатан Жиноят кодексининг қасддан одам ўлдириш, кучли таъсир қилувчи ёки заҳарли моддаларни қонунга хилоф равишда муомалага киритиш, ҳокимият вакилига ёки фуқаровий бурчини бажараётган шахсга қаршилик кўрсатиш, жиноятга тайёргарлик кўриш ва жиноят содир этишга суиқасд қилиш каби моддалари бўйича айблов эълон қилинган.

Суд терговида икки нафар жабрланувчи – марҳумнинг ота-онаси ҳам эшитилди. Улар суддан қотилга умрбод қамоқ жазоси беришни сўради.

Навбатдаги суд мажлисида судланувчига сўз берилади. Суд 18 ноябргача танаффус эълон қилди.

Мавзуга оид