22:36 / 21.02.2020
0
28410

Эронда сайлов бошланди. Трамп қандай қилиб натижаларга таъсир қилади?

Бугун, 21 февраль куни Эронда парламент сайловлари бошланди. Бу мамлакатда одатда сайловлар кўп нарсани ҳал қилмайди деб ҳисоблашади, аммо нима бўлганда ҳам бу жараён халқнинг ҳукуматга нисбатан муносабатини кўрсатиб беради.

Али Хоминаий / Фото: Хоминаий расмий сайти / via REUTERS

Инқилобдан кейинги энг мураккаб вақт

Айни дамда Эрон сиёсий ва иқтисодий инқирозни бошдан ўтказмоқда. Мамлакатдаги вазият 1979 йилги инқилобдан кейинги энг мураккаб ҳолатда. Охирги ярим йилда шунчалик кўп ишлар бўлиб кетдики, парламент сайловларининг натижаларига қизиқиш ўз-ўзидан ортди.

Аввалига одамлар нарх-наво, хусусан бензин нархи ошганига норозилик билдириб намойишга чиқди. 2019 йил ноябрда бўлиб ўтган бу намойишлар шунчалик кенг қамров олдики, бу 1979 йилдаги инқилоб тантанасидан кейинги энг катта намойиш эди.

Турли манбаларга кўра, ноябрдаги намойишларда бир неча юзлаб, яна баъзи манбаларда 1,5 минг одам ўлдирилгани айтилади.

2020 йил январда эса Эрон тарихида ўзгариш қилган яна бир воқелик содир бўлди. АҚШ президенти Дональд Трампнинг шахсий топшириғига кўра, Эрон иқлом инқилоби муҳофизлари корпуси махсус бўлинмаси қўмондони генерал Қосим Сулаймоний Бағдодда ўлдирилди. Бу нафақат Эрондаги, балки бутун дунёдаги воқеаларнинг «оёғини осмондан» қилиб юборди.

Фото: Arash Khamooshi / The New York Times

Сулаймонийнинг қасосини олишга киришган Эрон АҚШнинг Ироқдаги базасига ракета зарбаларини амалга оширди. Намойишлар сабаб тарқоқлашиб кетиш хавфи бўлган мамлакат айнан мана шу воқеа сабаб бирлашди. Миллат Қосим Сулаймоний жанозасига бирлашди ва бу АҚШ учун шунчалик қўрқинчли тус олдики, океанортида одамлар «Бизни ўлдирманглар» деган баннерлар кўтариб, тинчлик намойишларига чиқишди. Америкалик сиёсатчилар Эроннинг қасосидан қўрқаётганини яширишмади.

Аммо форсларни бирлаштирган бу воқеадан кўп ўтмай воқеалар ривожини кескин ўзгартирган хато юз берди: АҚШ базасига зарба бераётган Эрон ҳарбийлари «хатолик сабаб» Украина самолётини уриб туширишди.

Оқибатда 176 киши ҳалок бўлди. Уларнинг аксари – Эрон фуқаролари ва Канада фуқаролигини олган эронликлар эди. Эрон бу ишни хато сабаб қилганини расман тан олгач, Эронда яна намойишлар бошланди. Одамлар мамлакатнинг амалдаги раҳбари оятуллоҳ Али Хоминаий истеъфога чиқишини талаб қилиб чиқишди.

Эронда инқилобдан сўнг оятуллоҳнинг мавқейи ақл бовар қилмас даражада кўтарилиб кетган. Расман Ислом Республикаси деб эълон қилинган давлатда диний раҳнамонинг асосий бошқарувчи бўлиши тушунарли ҳолат. Мана шундай давлатда олий диний раҳнамо истеъфосини сўраб намойишга чиқишдими, мамлакат қандай ҳолатда эканини тасаввур қилаверинг.

Оятуллоҳ Али Хоминаий сайловда овоз бермоқда. 21 февраль, Теҳрон
Фото: Reuters

Бу сайловга қандай таъсир қилади?

АҚШ Қосим Сулаймонийни ўлдирганидан сўнг, юқорида айтилганидек, Эронда миллат бирлашди. Сўнгги вақтларда улар асосан қандайдир ижтимоий муаммо атрофида бирлашаётганди, энди бутун Эрон миллат манфаати учун бирлашди. Ҳа, Трамп билиб ёки билмай бу борада Эронга ёрдам бериб юборди.

Олдинги сайловларда президент Ҳасан Руҳоний етакчилигидаги ислоҳотчилар 41 фоиз овоз олиб ғолиб бўлганди. Ўшанда консерваторлар 29 фоиз овоз билан чекланганди.

Аммо бу гал инқилоб муҳофизларининг қўллаб-қувватлаши билан айнан консерваторлар ғолиб бўлиши кутилмоқда. Олдинги сайловларда ядро дастурини ишлаб чиқишни қўллаган ислоҳотчилар ғолиб бўлганди, ҳозир эса Эрон ядро келишувидан чиқиб бўлган бир вақтда (Эрон Қосим Сулаймоний ўлдирилганидан 3 кун ўтиб халқаро ядро келишувидан чиқиб кетганди) консерваторларнинг кескин ғоялари устунроқдек.

Эрон парламенти / Фото: Vahid Salemi / AP

Одамлар сайловга келадими?

Сайловнинг яна бир муҳим жиҳати – одамларнинг сайловга келиш давомати. Бу кўрсаткич Эронда ҳеч қачон 50 фоиздан паст бўлмаган. Бу Эрон ҳукумати учун рамзий маънодаги ўзига хос минимум ҳисобланади (масалан Ўзбекистонда сайловчиларнинг 33 фоизи овоз бериш жараёнида қатнашса, сайлов бўлиб ўтган ҳисобланади). Аммо бу йил Эронда давомат тарихдаги энг паст кўрсаткични «забт этиши» ҳам истисно қилинмаяпти.

Париж VII университети мутахассиси Азад Кианнинг айтишича, давомат одамларда сиёсатга бўлган ишонч пасайгани сабаб паст бўлиши кутилмоқда.

Сайловда давомат паст бўлиши ҳукумат обрўси пасайганини билдиради. Бу эса янги норозиликлар келтириб чиқариши мумкин. Аммо кўрсаткичлар керагидан паст бўлса, уларни кўпайтириб кўрсатишни ҳам истисно қилиб бўлмайди.

Эрондаги парламент сайловларида номзодлар одатдагидек конституцияни ҳимоя қилиш муҳофизлари Кенгаши (табиийки оятуллоҳ раҳбарлигидаги) томонидан сараланади. Бу ёпиқ жараён ҳисобланади ва ҳозирги сайловда ёпиқликка айниқса жиддий эътибор берилди. Сайловда ўз номзодини қўйишни хоҳлаган 14 минг фуқародан ярмига сайловга қатнашиш ҳуқуқи берилмади. Амалдаги 247 нафар депутатдан Ҳасан Руҳонийни қўллайдиган 90 нафари сайловга қўйилмади.

«Ҳеч қандай рақобат йўқ»

Рейтер агентлиги сайловлар ҳақида номи очиқланмаслигини сўраган эронлик амалдор билан суҳбатлашди. Унинг айтишича, сайловда ким ғолиб бўлиши аниқ: «Ҳеч қандай пойга йўқ. Ультраконсерваторлар президентлик пойгаларида ғолиб бўлмоқчи. Бу ислоҳотчилар учун якун дегани. Камида 10 йил ва ундан ортиқроқ ҳам деяверинг».

Тўғри, ҳукумат вакили президентлик ҳақида гапирмоқда, аммо парламент сайловларидаги натижалар президентлик сайловларига ҳам таъсир қилади. 2004 йилда ҳам шунга ўхшаган воқеа содир бўлганди. Ўшанда ҳам парламент сайловларида ультраконсерваторлар ғалаба қозониб, ортидан консерватор Маҳмуд Аҳмадинажод ғолиб бўлганди.

Президент Ҳасан Руҳоний. 21 февраль, Теҳрон
Фото: AFP/HO/Iranian Presidency

Ноябрдаги воқеалардан сўнг импичмент ёқасига келиб қолган Ҳасан Руҳонийнинг ҳозирги позицияси яхши эмас. Чунки иқтисодий камчиликлар ўз-ўзидан президентнинг имижига таъсир қилади.

Жаҳон банки маълумотларга кўра, Эрон иқтисодиёти 2019 йилда 9 фоизга пастлаган. 2020 йилги прогнозларда мамлакат иқтисоди ўзгаришсиз қолиши, 2021 йилда эса максимум 1 фоиз ўсиши тахмин қилинган.

АҚШ ўз қўли билан рақибига қаҳрамон топиб берди

Трампнинг Сулаймонийни ўлдириш қарори Эрон сиёсатига шунчалик жиддий таъсир қилдики, Америка ўз қўли билан Ғарб сиёсатини ёқлай бошлаган эронликларни ўзининг сиёсатига қарши бўлган одамларга айлантириб қўйди. Биргина қотиллик Эрон халқини бирлаштирди ва консерваторлар одамларга миллий ғурур ҳақида эслатиб бу вазиятдан фойдаланиб қолиши мумкин.

Эрон кейинги икки йилда катта ўзгаришлар остонасида турибди. Парламент сайловларида катта эҳтимол билан консерваторлар ғолиб бўлиб, амалдаги ислоҳотчилар ортга чекинади. 2021 йилда эса Ҳасан Руҳонийнинг президентлик муддати якунланади. Энг асосий ўзгариш эса мамлакатнинг энг олий минбарида юз беради. Тез орада 81 ёшли оятуллоҳ Али Хоминаийнинг ҳам ўринбосари тайинланиши мумкин...

Ўткир Жалолхонов

Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top