Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Ўзбекистон | 15:32 / 03.05.2015
2782
3 дақиқада ўқилади
Навоий вилоятида 4,1млрд долларлик 50дан зиёд лойиҳалар амалга оширилади
Kun.uz: Навоий вилоятида кейинги беш йилликда умумий қиймати 4,1 миллиард АҚШ долларидан ортиқ бўлган 50 дан зиёд инвестиция лойиҳалари амалга оширилади. Бу ҳақда Навоий вилояти ҳокими, сенатор Эркинжон Турдимов маълум қилди.
Унинг айтишича, вилоятда яқин уч йил ичида мева-сабзавотчилик соҳасида умумий қиймати 75 миллиард сўмдан зиёд 950та лойиҳани амалга ошириш кўзда тутилган. Шунингдек, кейинги беш йилликда 70 минг гектардан ортиқ экин майдонларининг мелиоратив ҳолатини яхшилаш мақсадида 86 миллиард сўмдан кўпроқ маблағ эвазига катта ҳажмдаги зарур агротехник тадбирларни амалга ошириш белгиланган.
“Умумий қиймати 4,1 миллиард АҚШ долларидан ортиқ бўлган 50 дан зиёд инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш, хусусан, қуёш панеллари, телефон, планшет, компьютер, ноутбук ва телевизорлар, тайёр кийимлар, калава ип, каустик сода, азот кислотаси, ёнувчи сланецлар каби 25 турдаги харидоргир маҳсулотлар ишлаб чиқаришнинг йўлга қўйилиши вилоят иқтисодий салоҳиятини янги босқичга кўтаришга хизмат қилади”, – деди вилоят раҳбари.
Унинг фикрича, мамлакатимизда аҳоли турмуш фаровонлигини янада юксалтириш, ҳудудлар инфратузилмасини тубдан яхшилаш борасида ҳам салмоқли ишларнинг истиқболига алоҳида эътибор қаратилмоқда.
“2015-2019 йилларда яна 1,1 минг километрлик ичимлик сув тармоқларини барпо этиш, йўл коммуникация соҳасини ривожлантириш мақсадида 510 километр ички йўлларни ҳамда 290 километр умумфойдаланувдаги йўлларни капитал ва жорий таъмирлаш белгиланган. Шунингдек, мазкур йиллар давомида аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш, она ва бола саломатлигини мустаҳкамлаш мақсадида 2 та замонавий шифохона барпо этиш, 11 та тиббиёт маскани ҳамда 17 та қишлоқ врачлик пунктини капитал таъмирлаш ва реконструкция қилиш бўйича кенг кўламли чора-тадбирлар белгиланган”, – таъкидлади Э.Турдимов.