10:18 / 06.05.2015
3711

«Афросиёб» поезди шанба ва якшанба кунлари кунига уч марта қатновни амалга оширади

2015 йилнинг 9 майидан бошлаб шанба ва якшанба кунлари Самарқанд-Тошкент- Самарқанд йўналишида қўшимча 764/763-рақамли юқори тезликдаги янги “Афросиёб” поезди қатнови йўлга қўйилади.

“Ўзтемирйўлйўловчи” ОАЖ маълумотларига кўра, энди юқори тезликдаги “Афросиёб” поезди шанба ва якшанба кунлари кунига уч мартадан ҳаракатланади.

“Поезд 10:40 да Самарқанддан жўнаб, 12:50 да Тошкентга етиб келади ва Тошкентдан 13:50 да жўнаб, Самарқандга 15:58 да етиб келади”, деб маълумот берилмоқда компанияда.

Маълумот учун, Ўзбекистонда “Афросиёб” деб аталувчи юқори тезликдаги поезд Испаниянинг Talgo компанияси томонидан ишлаб чиқарилган. Электр поезд мамлакатимизга 2011 йилнинг августида келтирилган ва Марказий Осиёда ўз тоифасидаги ягона шундай поезд бўлиб қолмоқда. Поезд Тошкент билан Самарқанд орасидаги 344 км лик йўлни 2 соату 15 дақиқада босиб ўтади. Максимал тезлиги соатига 250 км ни ташкил қилади. Электр поезднинг узунлиги 157 м бўлиб, баландлиги 4 метр. Поезд салони орқага ташланувчи суянчиқли юмшоқ ўриндиқлар, столчалар ва видео кўриш учун мониторлар билан жиҳозланган. Бундан ташқари, имконияти чекланган йўловчилар учун зарур шароитлар яратилган, ногиронлик аравачалари учун махсус маҳкамлагичларга эга, стюардни чақириш учун тугмача билан жиҳозланган жойлар мавжуд. Ногиронлик аравачаларини ҳаракатлантириш учун поезднинг ҳамма жойида бир хил бўлган поли ҳам қулайлик яратади.

Top