12:35 / 07.05.2015
2691

Хоразмда дон маҳсулотларини ноқонуний сотиб юборган раҳбар қамалди

“Ҳуқуқ” газетасида 2013 йил 22 апрелда “Хонқа дон маҳсулотлари” акциядорлик жамиятига раис этиб тайинланган Баҳодир Болтаевнинг “саргузашт”ларига бағишланган мақола чоп этилди.
Келтирилишича, у лавозимни эгаллаши билан жамият хизматчилари орасида ўзига хос “танлов” ўтказиб, уюшган гуруҳ тузди. Ёз келиб, буғдой йиғимининг бошланиши билан элеватор бошлиғи У. Қиличевга берилган топшириққа биноан 500 тонна буғдой тегирмон цехига ҳужжатларсиз ўтказиб юборилди. Элеватордан қабул қилинган буғдой қисқа муддатда қайта ишланиб, 374 тоннадан зиёд у, 110 тоннадан зиёд кепак, 18 тоннадан ортиқ дон чиқиндиси аралашмаси ишлаб чиқилди.
Ун марказий омбор мудирига, кепак ва 50 фоизли чиқинди омухта ем цехи омбор мудирига ҳужжатсиз топширилди. Сўнг ун ёлланма ҳайдовчиларнинг машиналарига юкланиб, Гурлан, Ҳазорасп, Боғот тумани аҳолисига қопига 35-40 минг сўм нархида сотиб юборилди.
Шу тарздаги жиноий хатти-ҳаракатлар бир неча бор такрорланган. Ҳар сафар соқчилар бошлиғи А. Отажонов ва ҳарбийлаштирилган қўриқлаш командаси бошлиғи С. Қурбоновлар жамият ҳудудидан ноқонуний, ҳеч қандай ҳужжатларсиз олиб чиқиб кетилаётган ун ва бошқа дон маҳсулотларини “кўрмай қолишган”.
Ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларининг сайъ-ҳаракатлари билан Б. Болтаев ва шериклар фош этилди. 15 кишидан иборат жиноий гуруҳ томонидан давлат манфаатларига жуда кўп миқдорида зарар етказилгани аниқланди. Суд томонидан тегишли жазо белгиланди.

Top