09:07 / 08.05.2015
2878

Тошкентдаги маҳалла қўмитаси фахрийларга лапша тарқатилгани ҳақидаги хабарни рад этди

Тошкентнинг Учтепа туманида жойлашган “Боғобод” маҳалласи раиси Б. Қосимов меҳнат фронти фахрийси, 96 ёшли қария аёлга маҳалла қўмитаси номидан тез тайёрланадиган лағмонлар (лапшалар) берилгани ҳақидаги хабарларни рад этди. Бу ҳақда UZ24 хабар бермоқда.

Маҳалла қўмитасининг сўзларига кўра, ушбу лапшалар шу маҳаллада истиқомат қилувчи тадбиркор томонидан, ўз ташаббуси билан 50 оилада истиқомат қилаётган қарияларга тарқатилган ва бунга маҳалла қўмитасининг алоқаси йўқ.

Аввалроқ, Facebook’даги “Жамоатчилик назорати” гуруҳида бир аёлнинг бобосига 9 май куни муносабати билан совға сифатида бир неча қадоқ лапша ташлаб кетишгани ҳақида жаҳл билан хабар қолдирилганди. Маҳалла қўмитасининг аниқлик киритишича, совға мурожаатчи аёлнинг бобоси эмас, бувисига берилган; мурожаатчи кейинроқ Facebook’даги постини ўчириб ташлаган.

Б. Қосимовнинг қўшимча қилишича, Иккинчи жаҳон урушида иштирок этган маҳалланинг икки фуқаросига телевизорларга совға қилинган, яқин вақт ичида маҳалладаги ҳар бир фахрийга муносиб совғалар берилади. Ҳозирги вақтда “Боғобод” маҳалласида 28 нафар меҳнат фронти, 2 нафар уруш фахрийси истиқомат қилмоқда.

Top