10:11 / 12.05.2015
2327

Ўзбекистонлик енгил атлетикачилар Осиё чемпионатида совриндор бўлишди

Қатар пойтахти Доҳа шаҳрида енгил атлетика бўйича ёшлар ўртасида ўтказилаётган Осиё чемпионатида 11 майда сўнгги кун баҳслари бўлиб ўтди.

Александра Юркевская ва Виктория Дирдин бу баҳслар сўнгида бронза медалларига эга чиқишди.

Еттикураш бўйича ўтказилган финал баҳсида Александра Юркевская 4629 очко тўплади ҳамда учинчи ўринни эгаллади. Бу баҳсларда қатнашган яна бир ўзбекистонлик спортчи Фарида Мадиярова эса 3742 очко билан бешинчи бўлди.

Уч ҳатлаб сакраш секторида қатнашган Виктория Дирдин ҳам 12.34 балл кўрсаткичи билан учинчи ўринни эгаллади.

400 метр масофага тўсиқлар оша югуриш баҳсларида ҳам эркаклар ва аёллар ўртасида финал баҳслари ўтказилди. Мазкур мусобақаларда Ўзбекистон шарафини Комила Якубова, Сабина Умарова ва Шоҳруҳ Баратов ҳимоя қилишди. Сабина Умарова 1.03,33, Комила Якубова 1.04,18 гатижалари билан тўртинчи ва бешинчи ўринларда келишди. Шоҳруҳ Баратов саккизинчи бўлди.

Жалолиддин Ҳамроқулов 200 метр масофага югуриш мусобақасининг ҳал қилувчи финал босқичида стартга чиқди ва 22,46 натижаси билан бешинчи бўлиб келди.

Top