15:13 / 15.05.2015
6188

Қозоғистонлик ўзбекнинг ҳовлисидаги Сталин ҳайкали бузиб ташланди

Жанубий Қозоғистон вилоятининг Туркистон шаҳри яқинидаги Эски Иқон қишлоғидаги Сталин ҳайкали олиб ташланди. Бу ҳақда Туркистон ҳокимининг матбуот котиби Малик Олмахонга иқтибос келтирган ҳолда Today.kz нашри хабар бермоқда.

Эслатиб ўтамиз, Сталинга Қозоғистонда қўйилган ягона ёдгорлик бўлмиш ушбу ҳайкал 1956 йилда жойидан олиб ташланган эди. Шу йили 9 май арафасида қишлоқ аҳолиси уни қайта таъмирдан ўтказиб, маҳаллий уруш фахрийси, ўзбек миллатига мансуб Мурод Йўлдошевнинг ҳовлисига ўрнатган эди. Таъкидланишича, ҳайкални таъмирлаш учун маблағ ижтимоий тармоқлар орқали тўпланган.

Бу ҳолат кескин мунозараларга сабаб бўлди. Гарчи Қозоғистон қонунчилиги ҳайкалнинг ўрнатилишига тўсқинлик қилмаса-да, Сталиннинг номини тиклашга бўлган уриниш қозоқ зиёлиларининг норозилигига сабаб бўлди.

Ниҳоят, бугун 5 м баландликка эга ҳайкал кран ёрдамида постаментдан олиб ташланди. Бу ҳолат ўз навбатида қишлоқ аҳолисининг норозилигига сабаб бўлди. Ишни ўрганаётган прокурорлар хусусий уйдаги давлат рўйхатида турмаган ҳайкалнинг бузиб ташланишини ҳуқуқбузарлик деб баҳоламоқда.

Top