08:13 / 17.05.2015
2491

АҚШ космик қуроллар ишлаб чиқарилиши учун 5 млрд доллар ажратди

АҚШ ҳарбий-ҳаво кучлари ўз сунъий йўлдошлари тизимини ҳимоя қилиш мақсадида ҳужумкор ва мудофаа мақсадларида фойдаланиладиган космик қуролларни ишлаб чиқиш ва жорий этиш учун ўз бюджетидан 5 миллиард доллар ажратди.

АҚШ томонининг бу қадар жиддий хавотирлари ва тезкор чоралар кўришига фазовий кенгликларда юз берган бирданига икки муҳим воқеа сабаб бўлди. Улардан бири – Россия яқинда учта телекоммуникацион сунъий йўлдош ва нисбатан паст орбитадан юқори орбитага кўтарила оладиган, шунингдек, бошқа объектларга яқинлаша оладиган космик қурилмани фазога олиб чиқди.

«Ушбу йўлдош бошқа бир орбитал қурилманинг муҳим тизимларини ишдан чиқариши ва унга портловчи ускунани ўрнатиши ва ҳатто камикадзе услубида ҳужумга ўтиши ҳам мумкин», – деб маълум қилди АҚШ ҳарбий-ҳаво кучлари вазири Дебора Ли Жеймс.

Иккинчидан эса, Хитой сунъий йўлдошга қарши ўз ракеталарини изчиллик билан текширишга киришди. Шундай ракеталардан бири орқали 2007 йилда Хитойнинг ишдан чиққан сунъий йўлдошларидан бири уриб туширилган эди.

Ли Жеймснинг айтишича, Россия ва Хитойнниг сўнгги синов ва тажрибалари Вашингтонда катта хавотир билан кузатиб борилмоқда ва низолар қачондир Ердан фазога кўчадиган бўлса, бунга тайёр туриш зарур ҳисобланади.

Top