23:04 / 20.05.2015
4230

Ўзбекистон олимипия терма жамоаси ОЧ йўлланмасини қўлга киритди

Ўзбекистон Олимпия терма жамоаси келаси йилнинг январь ойида Қатарда бўлиб ўтадиган U-23 ёшлар ўртасидаги Осиё Чемпионати финал босқичида иштирок этади.

Бугун Осиё Чемпионати саралаш «B» гуруҳи ўйинлари сўнгги тур баҳслари бўлиб ўтди. Нейтрал мамлакат - БАА мезбонлик қилган «B» гуруҳи баҳсларида пешқадамлик қилаётган Иордания терма жамоаси саралашнинг сўнгги турида Кувайт билан 3:3 ҳисобида дуранг ўйнади. Ушбу натижадан сўнг Иордания 7 очко билан гуруҳда биринчи ўринни қўлга киритди ва ОЧ йўлланмасини қўлга киритди. Кувайт олимпия терма жамоаси 4 очко билан гуруҳ баҳсларини якунлади.

Шу тариқа, саралашнинг «E» гуруҳида иштирок этган Ўзбекистон олимпия терма жамоаси 6 очко билан гуруҳларда иккинчи ўринни қўлга киритган терма жамоалар ичида Кувайт терма жамоасидан яхшироқ кўрсатгичга эришди ва Осиё Чемпионатига йўлланма олди.

Эслатиб ўтамиз, Бахтиёр Ашурматов бош мураббийлигидаги Ўзбекистон олимпия терма жамоаси Бангладешда бўлиб ўтган Осиё Чемпионати саралаш баҳсларида Сурия, Ҳиндистон ва Бангладеш олимпия терма жамоаларига қарши баҳс олиб борган ва ушбу гуруҳда 6 очко билан иккинчи ўринни қўлга киритган эди. Мусобақа регламентига кўра, 10 саралаш гуруҳи ғолиблари ва барча гуруҳларда энг яхши натижага эришган 5та иккинчи ўринни қайд этган жамоалар ОЧ финал босқичига йўл олади. 

Қайд этиш жоиз, Қатарда бўлиб ўтадиган Осиё Чемпионати баҳслари 2016 йилда Рио-Де-Жанейро мезбонлик қиладиган Олимпиада ўйинларига саралаш вазифасини ўтаб беради.

U-22 ОЧ, саралаш.
«B» гуруҳи, 1-тур.

Иордания - Покистон 5:0

Қирғизистон - Кувайт 0:0

U-22 ОЧ, саралаш.
«B» гуруҳи, 2-тур.

Қирғизистон - Иордания 0:4

Покистон - Кувайт 0:2

U-22 ОЧ, саралаш.
«B» гуруҳи, 3-тур.

Иордания - Кувайт 3:3

Top