21:29 / 20.05.2015
1738

Ўзбекистонлик боксчилар 2016 йилги Олимпия ўйинларига йўлланма олиш учун курашади

29-30 май ва 5-6 июнь кунлари бокс бўйича APB (AIBA Pro Boxing) мусобақасининг биринчи даврасининг илк учрашувлари ўтказилади.

Тўрт ой давомида мусобақанинг 10 та вазн тоифасида илк чемпионларни аниқлаш бўйича пре-рейтинг беллашувлари бўлиб ўтди. Чемпионлар аниқлангандан кейин, AIBA (Миллий бокс федерациялари уюшмаси) мунтазам давралар ўтказилишини эълон қилди. Ҳар йили 10 вазн тоифасининг ҳар бирида титул жанглари ўтказиладиган APB нинг иккита давраси бўлиб ўтади. 2015 йилнинг 1-давраси Рио-де-Жанейрода 2016 йилда ўтадиган Олимпия ўйинларига саралаш босқичининг бир қисми бўлади, унда боксчиларга ҳар бир вазн тоифасида 2 та йўлланма учун квота тақдим қилинган. Титул жангининг иккала иштирокчиси ҳам Олимпиадага йўлланма олади. Шу тариқа, 1-давра беллашувларининг 2-босқичи деярли Олимпиадага саралаш мусобақаси бўлади. Ўзбекистондан Олимпия ўйинларида иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритиш учун Жасурбек Латипов (52 кг гача вазн тоифаси), Хуршид Тожибоев (60 кг гача) ва Ойбек Мамазулунов (81 кг гача) иштирок этади.

29-30 май кунлари Жасурбек Латипов қозоғистонлик боксчи Илёс Сулаймонов билан беллашади. Латипов пре-рейтинг жангларида бу боксчига ютқазиб қўйган. Шу тариқа ҳамюртимизда мағлубият учун “ўч олиш” имконияти пайдо бўлади.

Ўзбекистон бокс федерацияси матбуот хизматида хабар берилганидек, 29-30 май кунлари Хуршид Тожибоев ирландиялик Дэвид Жойсга, 5-6 июнь кунлари Ойбек Мамазулунов германиялик Серж Мишелга қарши рингга тушади.

Top