11:15 / 01.06.2015
3256

ЖЧ-2015. Ўзбекистон U20 - Гондурас U20 3:4

Янги Зеландияда Ёшлар ўртасида бўлиб ўтаётган Жаҳон чемпионатида Ўзбекистон терма жамоаси гондураслик тенгдошларига қарши майдонга тушиб, 3:4 ҳисобида мағлубиятга учради.

Учрашувни вакилларимиз ниҳоятда суст бошлашди. 4-дақиқадаёқ Бенавидез гол киритиб, ҳисобни очди. Кейин 20-дақиқага келиб Рохез ҳисобни 2:0 кўринишига олиб келиб қўйди. Бу вазиятларда дарвозабонимиз Сарвар Каримов ва ҳимоячилар ниҳоятда ёмон ҳаракат қилишганини айтиб ўтиш мумкин.

Иккинчи голдан кейин Ҳайдаров шогирдлари бир оз ўзларига келиб, вазиятни ўнглашга интилишди. Натижада Достонбек Ҳамдамов 30-дақиқада гол киритиб, ҳисобни қисқартирди. Аммо иккинчи бўлимни Гондурас яна фаол бошлади. Алварес жаримадан осонлик билан гол киритиб, Ўзбекистоннинг шаштини анча сўндириб қўйди.

Термамиз мураббий таркибда бир қатор ўзгаришларни амалга оширди. Бунинг натижасида фақатгина 80-дақиқага келиб Элдор Шомуродов гол киритиб, ҳисобни 2:3 кўринишига олиб келди. Голдан руҳланган вакилларимиз олдинга ўтишда давом этишди. Аммо қарши ҳужумда жазоланишди.

Яна ўша Брайн Рохез 90-дақиқа ҳимоячимизни тезлик борасида ортда қолдириб, ҳисобни 4:2 кўринишига олиб келди. Ҳакам томонидан қўшиб берилган дақиқаларда эса Забиҳулла Ўринбоев гол киритиб, ҳисобни 3:4 кўринишига олиб келиб қўйди.

Шу тариқа, Ўзбекистон ёшлари гуруҳдаги дастлабки ўйинда мағлубиятга учрашди. Кейинги ўйинни Ҳайдаров шогирдлари 4 июн куни Германия термасига қарши ўтказишади.

Видео + фотогалерея. Ўзбекистон - Гондурас 3:4

Ўзбекистон U-20 - Гондурас U-20 3:4
Голлар: Д.Ҳамдамов (30), Э.Шомуродов (80), З.Ўринбоев (90+5) - Бенавидез (4), Рохез (20), Алварес (50), Б.Рохез (90)
Ўзбекистон U-20: Каримов, Қосимов, Ҳамробеков, Комилов, Соҳибов (c), Шомуродов, Шукуров, Ғиёсов, Ҳамдамов, Ўринбоев, Турсунов
Гондурас U-20: Лопез, Алварез, Паз, Монcада, Рочез, Эсcаланте, К. Лопез, Бенавидез (c), Элис, Переира, Флорес.

Манба: uff.uz   

Top