14:35 / 04.06.2015
13904

Ўзбекистон автомобил ва дарё транспорти агентлиги раҳбари Навоийда учрашув ўтказди

Ўзбекистон автомобил ва дарё транспорти агентлиги бошлиғи Воҳиджон Исмоилов Ўзбекистон Республикасининг 2014 йил 3 декабрдаги “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги қонуни ижроси доирасида 2015 йил 27 май куни Навоий вилоятида бўлиб, маҳаллий ташувчилар билан учрашув ўтказди.

Тадбир агентлик бошлиғининг “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги қонуннинг мазмун-моҳияти, аҳамияти, унда жисмоний ва юридик шахслар учун белгиланган ҳуқуқ ва имтиёзлар, давлат органларининг масъулият ва вазифалари, мурожаат этиш тартиби ва шакллари, шунингдек ушбу қонун ижросини таъминланиш бўйича агентлик томонидан амалга оширилаётган ишлар тўғрисидаги нутқи билан бошланди.

В. Исмоилов ўз маърузасида бугунги кунда давлат органларида коррупцияга қарши олиб борилаётган кескин кураш, ушбу чора-тадбирларнинг моҳияти ва зарурати ҳақида сўзлаб берди. Жумладан, агентликда “Ягона ойна” тизими жорий этилганлиги, агентликнинг расмий веб-сайти, ишонч телефонлари орқали фуқароларнинг фикр-мулоҳазалари, шикоят ва таклифларини қабул қилиш мунтазам равишда йўлга қўйилганлиги шу мақсадга хизмат қилишини айтиб, фуқаролар ҳамда давлат идоралари ўртасидаги бирдамлик жамиятимиз тараққиётига тўсиқ бўлаётган коррупция муаммосига қарши курашда муҳим ўрин тутишини алоҳида таъкидлади.

Шундан сўнг учрашувда йиғилган тадбиркорлар ўз фаолиятларида дуч келаётган муаммолар, шикоятлар, соҳани ривожлантиришга доир ўз таклифлари билан мурожаат этишди. Агентлик бошлиғи барча саволларга тўла-тўкис жавоб бериб, агентлик ўз ваколатлари доирасидаги барча масалаларда ташувчиларга ёрдам беришга тайёрлигини билдирди ва ҳудудий бўлим мутасаддиларига бу борада тегишли вазифаларни юклади. Республика миқёсидаги бошқа ташкилот ва муассасалар ёрдамида бартараф этиладиган муаммоларга доир барча саволларни В. Исмоилов алоҳида белгилаб олиб, ўрнатилган тартибда кўмаклашишга ваъда берди. Шунингдек, тадбиркорларни ўз ҳуқуқларидан кенг фойдаланишга чақириб, уларга иш жараёнида юзага келадиган муаммолар юзасидан, агентлик тизимидаги идораларда сансалорлик, тамагирлик ва бюрократик тўсиқларга дуч келишганида электрон почта орқали тўғридан-тўғри мурожаат этишлари мумкинлигини эслатди.

Тадбир якунида Навоий шаҳридаги “Нур Транс” қўшма корхонаси раҳбари агентлик томонидан тадбиркорларга қулайлик яратиш мақсадида “Ягона ойна” ташкил этилганлиги ва ташувчиларнинг мурожаат ва аризалари ўз вақтида кўриб чиқилаётганидан мамнунлигини айтиб, бу ишларга бош-қош бўлгани учун ташувчилар номидан агентлик раҳбарига ўз миннатдорчилигини билдирди.

Top