08:21 / 06.06.2015
2103

Тошкентда Ўзбекистон ва Жанубий Корея ҳамкорлигига бағишланган симпозиум бўлиб ўтди

5 июнь куни Тошкентда Корея халқаро ҳамкорлик агентлиги (KOICA) ваколатхонасининг Ўзбекистонда иш бошлаганига 20 йил тўлиши муносабати билан Ўзбекистон ва Жанубий Корея ҳамкорлигига бағишланган симпозиум ўтказилди.

Ушбу тадбирда икки мамлакатнинг ташқи иқтисодий алоқалар, молия, савдо, сармоя, ёқилғи-энергетика, сайёҳлик, божхона, соғлиқни сақлаш, меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш каби қатор соҳалар учун масъул вазирлик ва идоралари, компания ва концернлари раҳбарлари иштирок этди.

Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари, молия вазири Рустам Азимов, Корея халқаро ҳамкорлик агентлиги вице-президенти Чве Сонг Хо ва бошқалар Ўзбекистон билан Жанубий Корея ўртасидаги ҳамкорлик барча жабҳаларда изчил ривожланиб бораётгани, бунда икки давлат раҳбарларининг учрашувлари чоғида эришилган келишувлар ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилаётганини таъкидлади.

"Жанубий Корея билан Ўзбекистон ўртасидаги стратегик ҳамкорлик муттасил ривожланиб бормоқда. Биз Ўзбекистон билан кўплаб жабҳалар, айниқса, инсон ресурсларини ривожлантириш, хусусан, ёшларни касб-ҳунарга ўргатиш ва тиббиёт ходимлари малакасини ошириш йўналишларидаги ҳамкорликни кенгайтиришга устувор аҳамият қаратмоқдамиз. Боиси малакали мутахассислар Ўзбекистонни янада тараққий эттириш ва мамлакатларимиз ўртасидаги фаол ҳамкорликни мустаҳкамлашда муҳим омиллардан ҳисобланади", – дейди Корея халқаро ҳамкорлик агентлиги вице-президенти Чве Сонг Хо.

Корея халқаро ҳамкорлик агентлиги билан 2015-2017 йилларга мўлжалланган ҳамкорлик дастури қиймати 58 миллион доллар бўлган грантларни жалб этиш орқали 11 лойиҳани амалга оширишни назарда тутган. Тошкент аэропортини модернизация қилиш ва янги халқаро терминал барпо этиш лойиҳасининг техник-иқтисодий асосини ишлаб чиқиш, қуриладиган IV даражали замонавий кўп тармоқли клиникалар учун юқори малакали тиббиёт ходимларини тайёрлаш ва тиббиёт ускуналарига хизмат кўрсатиш марказларини, Хоразм ва Фарғона вилоятларида техник мутахассисликлар бўйича кадрлар тайёрлаш марказларини ташкил этиш, замонавий ахборот-ресурс марказини қуриш ва жиҳозлаш, электрон ўқитиш тизимини жорий этиш ҳамда ўқув-илмий лабораторияларни жиҳозлаш орқали Тошкент ахборот технологиялари университетини ривожлантириш лойиҳалари шулар жумласидандир. 

Симпозиумда Ўзбекистон билан Жанубий Корея ўртасидаги ижтимоий-иқтисодий алоқалар ривожи, хусусан, мамлакатимиз билан Корея халқаро ҳамкорлик агентлиги ўртасидаги ҳамкорлик, биргаликда соғлиқни сақлаш, электрон ҳукумат, таълим, қишлоқ хўжалиги каби қатор соҳаларда амалга оширилаётган қўшма лойиҳалар ҳақида сўз юритилди. Ўзаро манфаатли ва истиқболли алоқаларни янада ривожлантириш, қўшма лойиҳалар ишлаб чиқиш ва амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди. 

Top