15:54 / 06.06.2015
2406

Тошкент Француз альянси нодавлат ташкилоти ташкил этилди

Ўзбекистон ва Франция республикалари турли соҳаларда, жумладан, маданият, фан ва таълим соҳасида ўзаро манфаатли ҳамкорликни амалга оширишни давом эттирмоқда. Тобора ривожланиб бораётган ушбу ҳамкорликнинг тамал тошлари мамлакатлар президентларининг Париж ва Тошкентдаги учрашувларида қўйилганди.

Давлатларимиз раҳбарлари томонидан имзоланган битимларга мувофиқ фестиваллар, маданият кунлари, мусиқа байрамлари, илмий анжуманлар ташкил қилинмоқда, икки халқ адабиётининг энг сара намуналари таржима қилинмоқда, француз тили ва адабиётининг Ўзбекистонда, шунингдек, ўзбек тили ва адабиётининг Францияда ўрганилиши учун қулай шарт-шароитлар яратилмоқда.

Ҳар икки томоннинг маданият ва таълим соҳасидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш ва кенгайтириш истагидан келиб чиқиб, 2014 йилнинг 7 ноябрь куни Ўзбекистон ва Франция ташқи ишлар вазирлари Тошкент француз альянсини таъсис этиш ва унинг фаолияти шартлари тўғрисида ҳукуматлараро битим имзолаганди. Мазкур альянснинг асосий мақсадлари Ўзбекистонда француз тилини ўргатишга ҳисса қўшиш, турли маданий тадбирлар ўтказиш орқали икки давлат халқларининг бир-бирларини чуқур англашлари ва ўзаро дўстона муносабатларни янада ривожлантиришни таъминлаш, Ўзбекистондаги француз тили мутахассисларига услубий кўмак кўрсатишдан иборат ҳисобланади.

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан нодавлат нотижорат муассаса тарзида рўйхатдан ўтказилган Тошкент Француз альянси аввалги Француз институти сингари француз тили ва маданиятини ўрганишга иштиёқи баланд бўлган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, шунингдек, Францияда ёки франкофон давлатларда таълим олишни, илмий тадқиқотларини давом эттиришни истаган ёшлар француз тилини ўрганишлари учун юқори сифатли ўқув курсларини ташкил этади. Юқори сифатли таълим бериш Француз альянси фонди халқаро тармоғи ўз олдига қўйган асосий тамойиллардан биридир. Эндиликда Тошкент француз альянси ҳам ушбу тармоқ таркибига киради.

Тошкент Француз альянсида ёз ойларига мўлжалланган икки ойлик жадал француз тили курсларида таълим олишни хоҳловчиларни рўйхатга олиш бошлаб юборилди. Бундан ташқари йил давомида учта уч ойлик француз тили курслари ташкил этилади. Дарслар француз тили ва адабиётидан юқори малакага эга ўзбекистонлик ва франциялик ўқитувчилар томонидан олиб борилади.

Француз альянслари тармоғи 1883 йилдан, яъни Париж шаҳрида илк француз альянси ташкил этилгандан бошлаб шакллана бошлаган. Бугунги кунда жаҳоннинг беш қитъасида 850дан ортиқ француз альянсларини бирлаштирувчи мазкур тармоқ ўз миқёси билан дунёда пешқадамлик қилиб келмоқда. Ушбу муассасаларда ҳар йили 500 мингга яқин ўқувчилар француз тилини ўрганмоқдалар. Мустақил маданий муассасалар ҳисобланмиш француз альянслари Француз альянси фондининг юқори сифатли таълим бериш, икки давлат халқларининг бир-бирларини чуқурроқ англашлари ва ўзаро дўстона муносабатларни янада ривожлантиришга ҳисса қўшишдан иборат мақсадлари ва вазифаларига қатъият билан амал қиладилар.

Франция элчихонаси илгари Ўзбекистондаги Франция институтига тегишли бўлган бинони (Тошкент шаҳри, Зулфияхоним кўчаси, 112-уй) жиҳозлари ва ахборот ресурслари билан бирга Тошкент француз альянси ихтиёрига топширди.

Ўзаро алоқаларни ривожлантириш жараёнида фаол иштирок этиб келаётган француз ва ўзбек тиллари таржимони, элчи Шоазим Миновваров муассисларнинг умумий йиғилиши томонидан Тошкент француз альянси раиси этиб сайланди.

Тошкент француз альянси устави, шунингдек, Француз альянси фонди анъаналарига мувофиқ Франциянинг Ўзбекистондаги элчиси альянснинг фахрий раиси, элчининг маданият ва ҳамкорлик бўйича маслаҳатчиси эса маъмурий кенгаш аъзоси ҳисобланади. Маъмурий кенгаш Тошкент француз альянсининг раҳбар органи ҳисобланиб, унинг бошқаруви масалалари билан шуғулланади.

Тошкент француз алянси (АФТ) очилиши муносабати билан Шоазим Миновваров матбуот анжумани ўтказди. Матбуот анжуманида АФТ фахрий раиси, Франция элчиси Жак-Анри Элс жаноблари иштирок этди.

Анжуманда, шунингдек, “Эртаклар билан хайрлашув” номли янги китоб тақдимоти ҳам бўлиб ўтди. Эркин Аъзам қаламига мансуб асарлар сайланмаси бўлмиш мазкур китоб Ўзбекистоннинг ЮНЕСКОдаги доимий ваколатхонасининг бевосита кўмаги билан француз тилига таржима қилиниб, Париж шаҳрида нашр этилган.

Top