15:10 / 08.06.2015
2515

Равшан Эрматов ЕЧЛ финали вақтида чиройли ўйинга мухлислик қилишини айтди

6 июнь куни Германиянинг Тошкентдаги элчихонаси Берлин шаҳрида ўтказилиган ЕЧЛ финалини томоша қилиш учун ўзбек футболи олами вакиллари ҳамда спорт журналистларини таклиф қилди.

Журналистлардан бири ўйинни элчихонада томоша қилган футбол ҳаками Равшан Эрматов билан интервью уюштирди.

"Европа чемпионлар лигаси финали алоҳида воқеа. Бугун дунёнинг энг кучли икки жамоаси учрашди. Кимдир "Барселона"га, кимдир "Ювентус"га мухлислик қилмоқда. Германия элчихонасига ушбу тадбирни уюштиргани учун миннатдорчилик билдираман", дейди у ўз таассуротлари билан ўртоқлаша туриб.

Ундан қайси жамоага мухлислик қилиши сўралганида эса, чиройли футболга мухлислик қилишини билдирган.

"Яна бир бор қайтараман, Равшан Эрматов ҳеч қачон ҳеч қайси жамоага мухлислик қилмайди. Мен чин дилдан чиройли футбол мухлисиман. Мен учун ўйиндаги чиройли голлар, дарвозабонларнинг моҳирона сейвлари ҳамда мураббийларнинг айёрона тактикалари қизиқроқдир", дейди у.

Ўз навбатида Равшан Эрматов финални бошқариб борадиган ҳамкасби Жунайт Чақирни ҳам қўллаб-қувватлашини, унга ўйин кунидан бироз олдинроқ, телефон қилиб, омад тилаганини айтиб ўтган.

Таймлар оралиғидаги танаффус вақтида унга яна мурожаат қилиниб, ўйиндаги ҳакамлик ҳақида сўралганида, Эрматов Чақирнинг жамоаси бехато ишлаганини билдирган.

Top