15:05 / 08.06.2015
3314

Самарқандда йил имоми аниқланди

Самарқанд шаҳрида йил имоми аниқланди. Бу ҳақда Ўзбекистон мусулмонлар идораси Масжидлар бўлими хабар берган.

"Имом-хатиб бугунги пайдо бўлаётган янгиликлар ва ўзгаришларни таҳлил қила оладиган ва ўз навбатида муносабат билдирадиган даражадаги салоҳиятга эга бўлиши замон талабидир. Бунинг учун улар диний ва дунёвий илмларни пухта эгаллашлари ва мунтазам воқеликлардан хабардор бўлишлари давр тақозосидир.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан ҳар йили ўтказиладиган анъанавий “Йил имоми” кўрик танловнинг бу борадаги аҳамияти каттадир.

Июнь ойининг иккинчи куни Самарқанд вилоятида мазкур танловнинг вилоят босқичи бўлиб ўтди. Унда туманларда ғолиб бўлган ўн олтита имом-хатиб ва ноиблар иштирок этди. Танловнинг ҳашаматли анжуманлар залида ўтказилиши ҳам унга бўлган эътиборнинг юқори эканига далолат қилади.

Кўрик танлов қатнашчилари Қуръон оятлари тафсири, ақидапараст оқимлар, маънавият-маърифат, фиқҳий масалалар, Ислом тарихи ва оммавий ахборот воситаларидаги чиқишлари бўйича синовдан ўтдилар. Имомлар кўрик танловда ўзларининг билимдонлик, ҳозиржавоблик ва илмий салоҳиятларини яна бир намойиш этдилар.

Якуний босқич натижаларига кўра, биринчи ўрин Самарқанд шаҳар “Хўжа Абду Дарун” жоме масжиди ноиб имоми Бахриев Қамариддинга насиб этди. Иккинчи ўринга Тайлоқ туман “Жумабозор” жоме масжиди имом-хатиби Самариддин Абдулсаидов эришди. Учинчи ўринга эса Каттақўрғон шаҳар “Муҳаммад Нақиббек” жоме масжиди имом-хатиби Анвар Назаров лойиқ топилди. Ғолиблар ва барча иштирокчиларга совғалар топширилди", дейилади хабарда.

Манба: muslim.uz

Top