20:05 / 10.06.2015
5922

Йодланмаган туз ман қилинди

Ўзбекистонда “Йод танқислиги касалликларининг олдини олиш тўғрисида”ги қонунга киритилган ўзгартишлар кучга кирди. Уларга кўра, мамлакатда йодланмаган ош тузи ишлаб чиқариш ва сотиш тақиқланди.
Бунга қадар қонун ишлаб чиқарилаётган ва реализация қилинаётган ош тузини йодлашни кўзда тутарди, аммо йодланган тузга тиббий акс таъсирга эга шахслар учун йодланмаган ош тузи ишлаб чиқаришга рухсат берарди. Эндиликда, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Нурия Айтжанованинг сўзларига қараганда, бундай меъёр амалда керак бўлмади, негаки қонун амал қилган 8 йил давомида республика ихтисослаштирилган илмий-амалий эндокринология тиббий марказига бундай ташхисга эга бирора бемор мурожаат қилмади, бошқа муассасаларда ҳам рўйхатга олинмади. Бундан ташқари, меъёр туз ишлаб чиқарувчиларга қонунни айланиб ўтиш йўлларини қолдираётган эди.
“Ўзбекистонда йод танқислиги ўткир муаммолардан бири ҳисобланади. Бу айниқса экологик фожиа ўчоқларида кўзга ташланади. Эндокринология маркази статистикасига қараганда, республика бўйича йод танқислигининг тарқалиши 40 фоизни ташкил қилади. Бу аёлларнинг ақлий ҳолатига, болалар ва ўсмирларнинг жисмоний ва ақлий ривожланишига салбий таъсир ўтказади, шу боис ҳукумат вазиятни яхшилаш учун чора-тадбирлар кўрмоқда”, – таъкидлаб ўтди Экоҳаракат вакили бўлган Айтжанова.

Йод танқислигининг олдини олишнинг самарадор усулларидан бир йодланган туз истеъмол қилишдир. Янгиланган қонун касалликлар сонини камайтириш, аҳоли соғлиғини яхшилашга кўмаклашиши мумкин.
Бундан ташқари, тузни сақлаш қоидаларига ҳам қатъий амал қилиш лозимлиги алоҳида қайд этиб ўтилди.

Top